Москва Тергов қўмитаси Россия фуқаролигини олган марказий осиёлик фуқароларга нисбатан ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлик бўйича 22 та жиноят иши қўзғатди. Россия Қуролли кучлари сафига 80 дан ортиқ киши ҳарбий хизматга жўнатилди, дея хабар бермоқда қўмитанинг Telegram-канали.

Тергов қўмитасининг таъкидлашича, Москва ҳарбий комиссарлари билан биргаликда «ҳарбий хизматдан бўйин товлаётган шахсларни аниқлаш мақсадида» чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлари ўрганилмоқда. Ушбу ишнинг бир қисми сифатида, қўмита маълумотларига кўра, «бўйин товловчилар томонидан Россия Федерацияси фуқаролигини олишнинг қонунийлиги текширилади».

Тергов қўмитаси қонунга кўра, агар шахс «ҳарбий ва муқобил давлат хизматидан бўйин товлаган бўлса» Россия фуқаролиги тугатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия паспортини олган мигрантларга Украинадаги урушда қатнашишни таклиф қилиш, рад этганларни фуқароликдан маҳрум қилиш таклифини билдирганди. Августдан буён Россияда «янги» фуқароларга қарши рейдлар ўтказилиб, военкоматларга олиб кетилиб, чақирув қоғозлари берилмоқда.