Тошкент шаҳри марказида тирбандликларга сабаб бўлаётган Нукус ва Бобур кўчаларидаги таъмирлаш ишлари 2−3 ноябрь кунлари тугатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ишлар доирасида асфальт қопламасини янги технологиялар асосида янгилаш, янги йўл усти белгиларини чизиш, ҳудудга қўшимча дарахт ва буталар экилиши кўзда тутилган.

«Бўлиб ўтаётган кенг кўламли йўл таъмирлаш ишлари аҳоли норозилигига, тирбандликларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, ёғингарчиликлар сабабли ҳамда кундузги тирбандликларни бироз камайтириш мақсадида ишлар асосан тунги соатларда амалга оширилмоқда. Бу вазият учун шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўраймиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Аввалроқ ҳафтанинг бошида пойтахтдаги марказий кўчаларда катта тирбандликлар ҳосил бўлганди. Куннинг тиғиз вақтида «Яндекс харита» 10 баллни — тирбандликнинг максимал даражасини кўрсатди.

Хусусан, Алишер Навоий, Лабзак, Сағбон, Сақичмон, Меҳржон, Кичик ҳалқа йўли, 8 март, Шота Руставели, Бобур, Ойбек, Арнасой, Истиқбол, Муқимий-Нукус ҳамда Нурафшон айланма кўчалари орқали ҳаракатланувчи 70 дан ортиқ автобус йўналишларида кунинг тиғиз пайтида қатнов вақти ҳамда оралиқ интервал вақтларига риоя этиш имкони бўлмаган.

Душанба куни эрталаб «Газета.uz» муҳаррири Сабина Бакаева ҳам йўловчи сифатида кетаётган 80-сонли автобус Нукус кўчасида ЙТҲга учраганди.

«Душанба куни эрталаб бу ерда таъмирлаш ишлари кучайтирилди. Аввалги кунларда кўчанинг бир қисми тўсиб қўйилган ва бу ҳудудларда транспорт ҳаракати унинг бир томони бўйлаб олиб борилаётганди. Бугун эрталаб тўсиб қўйилган ҳудудларнинг узунлиги икки баравар ошди. Ҳеч ким фуқароларни бу ҳақда огоҳлантирмаган, жамоат транспорти ҳаракати ҳақида эса ўйланмаган. Бунга Бобур кўчасидаги таъмирлаш ишларини, кўприкнинг аэропортга томон кенгайиши туфайли Кичик ҳалқа автомобиль йўлида ва Нукус кўчасига олиб борувчи бир нечта кичик кўчаларда ҳосил бўлган тирбандликни қўшиш мумкин», — деди у.

Бобур ва Нукус кўчаларида тўсатдан таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини чет эллик сиёсатчиларнинг яқин орадаги ташрифи билан изоҳлаш мумкин.