Шавкат Мирзиёев ҳузурида 26 октябрь куни энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ривожланаётган иқтисодиёт ва аҳолининг ўсиб бораётган талабини қондириш учун электр ишлаб чиқариш ҳажмини камида 120 миллиард киловатт соатга етказиш мақсад қилинган. Янги қувватларни ишга тушириш ва тармоқларни тўлиқ модернизациялашга 52 миллиард доллар инвестиция зарурлиги ҳисоб-китоб қилинган.

Президентнинг шу йил 28 сентябрдаги «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 2026 йилга бориб, электр энергияси талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин, улгуржи бозор ишга тушади.

Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергетика тизимини энг қуйи бўғинига қадар рақамлаштириш, инсон омилисиз реал вақтда ишлайдиган ақлли бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарур.

Фармонга мувофиқ, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тузилди ҳамда унга энергорегулятор вазифаси юклатилди.

Тақдимотда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва соҳадаги режалар ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, ягона электр савдоси платформасини яратиш ва 2024 йил якунига қадар уни синовдан ўтказиб, ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Президент энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлади.

Янги тизим самарали ишлаши учун учта йўналиш — кадрлар тайёрлаш, тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай комплекс ишлаш тартибини марказдан тортиб ҳудудларгача татбиқ этиш топширилди.

Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилади. Хорижий тажриба асосида юртимизда ҳам муҳандис, диспетчер, SCADA оператори ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил қилинади.