Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 26 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида сўзга чиқди.

У ўз нутқида, хусусан, МДҲ мамлакатлари энергетика тизимларининг ягона ишлаши учун шарт-шароитлар яратишни таклиф қилди. Унинг қўшимча қилишича, бундай ишлар учун ҳамдўстлик мамлакатлари ҳар бирининг энергия ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш имкониятларини ҳисобга олиш зарур.

Абдулла Арипов, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан июнь ойида қабул қилинган МДҲда саноат кооперациясини ривожлантириш концепцияси ва уни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган чора-тадбирлар комплексини «катта қадам» деб атади.

Фото: Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизматиФото: Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати

«Бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш учун ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз», — деди Ўзбекистон бош вазири.

Абдулла Арипов Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида «Иннопром» саноат ҳафталиги доирасида МДҲ давлатларининг саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини ҳам эслаб ўтди.

«Биз импорт ўрнини босувчи миллий дастурларни синхронлаштиришни ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Бу иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суришда ёрдам беради», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон ҳукумати раҳбари.

Бош вазир МДҲнинг ягона электрон тижорат платформасини яратиш ва ҳамдўстлик мамлакатлари учун техник тўсиқларни бартараф этиш бўйича келишувни қабул қилишни тезлаштиришни таклиф этди.

Фото: Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизматиФото: Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати

Абдулла Арипов, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ эркин савдо ҳудудини шакллантириш ва тегишли келишув қоидаларини истисно ва чекловларсиз қайта кўриб чиқиш ташаббусига тўхталиб ўтди.

«Техник тўсиқларни бартараф этиш ва техник жиҳатдан тартибга солиш объектларининг мувофиқлигини баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни қабул қилишни тезлаштиришни таклиф этамиз», — дея қўшимча қилди бош вазир.

Абдулла Арипов МДҲ давлатлари ҳудудлари ўртасидаги шерикликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, жумладан, Ҳамдўстлик давлатларининг биринчи минтақалараро форумини ўтказиш, кўргазма тадбирлари ва ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштириш чора-тадбирларини ўз ичига олган алоҳида «йўл харитаси»ни тайёрлаш тарафдори эканини таъкидлади.

Бош вазир маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасига ҳам эътибор қаратди.

«Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти, деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида бўлажак тадбирлар доирасида келаси йил баҳорида МДҲ мамлакатлари санъати ва киноси ҳафталигини ўтказишни режалаштирганмиз», — деди у.

Бош вазир, шунингдек, Ўзбекистон 2024 йилда ҳамдўстликнинг ёшлар пойтахти деб эълон қилинган Тошкент шаҳрида ҳам қизғин тадбирлар дастурини тайёрлаётганини айтди.