Ўзбекистоннинг янги лоукостер авиакомпанияси Humo Air 25 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган илк матбуот анжуманида ривожланиш режаларини тақдим этди, деб хабар қилди унинг вакиллари «Газета.uz»га.

Ўзбекистонда бошланган фаолиятнинг биринчи кварталида лоукостер 1000 дан ортиқ рейсларни амалга ошириш ва 200 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда.

Humo Air йил охиригача учта Airbus самолётини олиши кутилмоқда, шундай қилиб, авиакомпания 2024 йил бошига қадар тўртта Airbus 320/321 лайнерига эга бўлади. 2025 йил охирига келиб, лоукостер ўз паркини 18 та самолётга етказишни режалаштирмоқда.

«Humo Air Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантиришга интилади. Аввало, авиакомпания одамларга имкон қадар кўпроқ бирга бўлиш имкониятини беришга ҳаракат қилади», — дея таъкидлади авиаташувчи вакиллари.

Шу тариқа Humo Air авиакомпанияси Самарқанд, Бухоро, Қарши, Нукус, Урганч ва Термизга ҳар куни мунтазам қатновларни йўлга қўяди. Авиакомпания таъкидлаганидек, Ўзбекистон ичидаги йўналишларга чипталар нархи 155 минг сўмдан бошланади. Авиакомпания веб-сайтида чипталарни бронь қилиш имкони бўлмаса-да, бундай имконият «яқин кунларда» пайдо бўлиши кўрсатилган.

Келгуси йилда авиакомпания халқаро йўналишлар: Олмаота, Истанбул ва Дубайга мунтазам рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Humo Air самолётларида бизнес-класс бўлмайди, фақат эконом класс, ўриндиқлар жойлашуви эса имкон қадар ихчам бўлади. Багаж ташиш, овқатланиш, ўриндиқ танлаш ва қўл юки оғирлигини ошириш каби барча асосий хизматлар учун ҳақ олинади.

Humo Air`нинг асосий стратегик ҳамкори Швейцариянинг Valleyroad Capital сармоявий компаниясига айланди. «Humo Air ва Valleyroad Capital умумий мақсадларга эга ва Ўзбекистонда ноёб авиакомпания яратиш истагида», — деди авиакомпания бош директори Рене Гспонер.

Humo Air ҳақида

Humo Air «Махсус авиация ишлари бўйича авиакомпания» ДУК мулки негизида 2020 йилда ташкил этилган. Humo Air устав капиталига 43 дона Ан-2 ҳаво кемаси («кукурузниклар»), ҳаво кема двигателлари, парвоз симуляторлари ва бошқа мулклар ўтказилган.

Spot нашрининг ёзишича, янги авиаташувчи асосий эътиборни қисқа ички йўналишларга ва туризмни ривожлантиришга қаратиши керак эди. Унинг ихчам самолётлари Uzbekistan Airways авиакомпанияси лайнерларига арзонроқ муқобил сифатида кўрилганди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Humo Air буюртмачиларидан бири бўлди. Авиакомпания 2021 йилнинг кузида Сўх анклавига ҳам рейсларни йўлга қўйган. Бироқ компаниянинг асосий даромад манбаи қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ишлаш бўлиб қолмоқда, деб ёзган нашр.

2023 йил январида Швейцариянинг Valleyroad Capital хусусий инвестиция компанияси Humo Air`ни 2,4 миллион долларга сотиб олганди.