Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Humo Air авиакомпанияси сотилаётганини маълум қилди.

Швецариянинг Valleyroad Capital S.A. компанияси Humo Air компанияси устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиб олди. Битим миқдори 27,2 млрд сўмни ($2,42 га яқинроқ) ташкил этди.

Бундан ташқари, ValleyRoad Capital 2023−2026 йилларда компания авиапаркини ривожлантириш ва маҳаллий авиақатновларни ошириш мажбуриятини ҳам зиммасига олди. Мазкур битим доирасида харидор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олган:

  • 2026 йилгача компания томонидан 18 дона ҳаво кемаларини сотиб олиш, шу жумладан 3 тасини 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида сотиб олиш ва парвозларни йўлга қўйиш;
  • дастлабки босқичда ички рейслар сонини ҳафтасига 16 тагача ошириш, кейинги 5 йил давомида 60 тагача етказиш;
  • махсус (қишлоқ ва халқ хўжалиги) авиациясининг хизмат кўрсатадиган самолётлари паркини босқичма-босқич янгилаш;
  • авиакомпанияни бошқаришга авиация соҳасида кўп йиллик тажрибага эга малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш;
  • Ўзбекистон резидентлари орасидан авиакомпания ходимларининг камида 80 фоизини шакллантиришни таъминлаш;
  • йўналишларда, шу жумладан Ўзбекистоннинг бошқа авиакомпаниялари резидентлари хизмат кўрсатмайдиган йўналишларда мақбул нархларда янги рейсларни ташкил этиш.

Компанияни хорижий инвестор томонидан юқоридаги ривожлантириш шартлари билан сотиб олиниши фуқаро авиацияси соҳасига хусусий секторнинг кириб келиши орқали рақобат муҳитини ривожлантиришга, маҳаллий авиақатновларга бўлган талабни юмшатишга ва йўловчиларга мақбул нархларда авиаташув хизматларини кўрсатишга ўз ҳиссасини қўшади.

Маълумот учун, Valleyroad Capital S.A. Швейцарияда 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, Швейцарияда вa халқаро миқёсда йирик корхоналар вa тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи мустақил корпоратив молиялаштириш компанияси ҳисобланади. Жамоа аъзоларининг бир асрдан ортиқ йиғма тажрибасига эга бўлиб, Valleyroad Capital S.A. турли соҳалар va мамлакатларда корпоратив молиялаштириш бўйича кенг вa диверсификацияланган тажрибани таклиф этади. Хорижий инвестор Ўзбекистондаги фаолиятини унинг 100 фоиз таъсисчилигидаги Valleyroad Capital компанияси томонидан амалга оширади.

Humo Air «Махсус авиация ишлари бўйича авиакомпания» ДУК мулки негизида 2020 йилда ташкил этилган. Humo Air устав капиталига 43 дона Ан-2 ҳаво кемаси («кукурузниклар»), ҳаво кема двигателлари, парвоз симуляторлари ва бошқа мулклар ўтказилган.

Spot нашрининг ёзишича, янги авиаташувчи асосий эътиборни қисқа ички йўналишларга ва туризмни ривожлантиришга қаратиши керак эди. Унинг ихчам самолётлари Uzbekistan Airways авиакомпанияси лайнерларига арзонроқ муқобил сифатида кўрилганди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Humo Air буюртмачиларидан бири бўлди. Авиакомпания 2021 йилнинг кузида Сўх анклавига ҳам рейсларни йўлга қўйган. Бироқ компаниянинг асосий даромад манбаи қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ишлаш бўлиб қолмоқда, деб ёзади нашр.

2020 йилда компаниянинг зарари 790 млн сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 2,1 млрд сўм фойда кўрган. Бироқ 2022 йилнинг 9 ойида даромадлар ўсишига қарамай, корхона яна зарар кўрди (105,6 млн сўм).