Дунё бўйлаб қочқинлар сони 114 миллиондан ошди. Уларнинг аксарияти уруш, таъқиблар, зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли уйларини ташлаб кетишган, дея хабар бермоқда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги (UNHCR).

2023 йилнинг биринчи ярмида мажбурий кўчирилишларга Украинадаги уруш, Судан, Конго ва Мьянмадаги можаролар, Сомалидаги қурғоқчилик, сув тошқинлари ва хавфсизликнинг таъминланмагани, шунингдек, Афғонистондаги узоқ муддатли гуманитар инқироз каби омиллар сабаб бўлди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилнинг биринчи олти ойида дунё бўйлаб 1,6 миллион янги бошпана сўраб мурожаат қилинган, бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қочқинларнинг ярмидан кўпи ҳеч қачон халқаро чегараларни кесиб ўтмаган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, мажбурий кўчирилганларнинг тўртдан уч қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатлар томонидан қабул қилинган.

«Ҳозирда дунё диққати Ғазо секторидаги гуманитар фалокатга қаратилган. Аммо жуда кўп можаролар бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда ва авж олмоқда, бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур қилмоқда», — деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги раҳбари Филиппо Гранди.