Франция президенти Эммануэль Макрон 1 ноябрь куни Қозоғистонга, 2 ноябрь куни эса Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Елисей саройининг расмий коммюникесида маълум қилинди.

«Ушбу ташриф Марказий Осиёнинг ушбу икки давлати билан муносабатларни чуқурлаштириш контекстида амалга оширилмоқда», — дейилади коммюникеда.

Франция икки давлатнинг ислоҳотлар борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, ҳамкорликни диверсификация қилишга ёрдам беради, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек, Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш истагини қўллаб-қувватлайди, дея таъкидлади Макрон маъмурияти.

«Франция ва бу икки давлат ўртасидаги яқинлашув иқтисодий соҳада, хусусан, энергетика, муҳим хомашё етказиб бериш, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат мустақиллиги ва ҳатто мудофаа соҳасида амалга оширилмоқда», — дея таъкидлади Елисей саройи.

Ташрифлар давомида Франция компаниялари иштирокидаги иқтисодий форумлар ўтказилиши режалаштирилган.

«Франция, шунингдек, жиддий глобал муаммолар, жумладан, экологик муаммолар, айниқса, сув ресурсларини бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилади», — дейилади коммюникеда.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Франция Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳамкорликда террорчилик таҳдиди ва наркотик моддалар савдосига қарши иш олиб бормоқда.

«Давлат раҳбари олдида инқирозлар кучайиб бораётган ва дунёнинг бўлиниш хавфи шароитида барча қитъалардаги давлатлар билан мулоқотни давом эттириш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш асосида тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилишни давом эттириш масаласи ҳам турибди», — дейилади Елисей саройи баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан борган эди. Сиёсий дастурдан ташқари, у рафиқаси билан президент Макрон ва Франциянинг биринчи хоними ҳамроҳлигида Париждаги Луврга ташриф буюриб, «Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида», шунингдек, Париж институтидаги «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмаларида иштирок этганди.

Франция президентининг Ўзбекистонга сўнгги ташрифи 1994 йил апрель ойида Франсуа Митеран томонидан амалга оширилган эди.