Елисей саройида ўтган олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макрон рафиқалари билан Париждаги Лувр музейида бўлдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, Эммануэль Макрон рафиқаси билан Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон биринчи хоними билан музейда учрашди, шундан сўнг улар экспозицияни кўздан кечиришни бошладилар.

Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган кўргазма Ўзбекистон президентининг 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилди. Давлат раҳбари ўшанда Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, мамлакатлар ўртасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини қайд этган эди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида тегишли меморандум имзоланди.

Бу ишлар натижасида Луврнинг Ришелье зали ва Ислом бўлимида хронологик кетма-кетликда жойлаштирилган бешта бўлимдан иборат катта кўргазма макони яратилди. Булар — «Воҳа давлатлари ва подшоҳликлари даври: Ипак йўлидаги маданиятларнинг мулоқоти», «Ўрта асрлар ва санъатнинг гуллаб-яшнаши», «Марказий Осиёда исломнинг тарқалиши, маданият ва фанда Уйғониш даври», «Ибн Синодан Чингизхонгача», «Буюк империялар даври: Темурийлар ва Шайбонийлар».

Ўзбекистон тарихининг 1500 йилдан ортиқ даврини қамраб олган кўргазма мамлакатнинг 16 музейидан 138 та ноёб ашё, шу жумладан кўргазма учун махсус реставрация қилинган 70 та экспонатдан иборат. Шунингдек, Франция, Буюк Британия ва АҚШнинг йирик музейларидан келтирилган 31 та буюм кўргазмадан жой олди.

Кўргазманинг илк меҳмонлари бўлган Ўзбекистон ва Франция етакчилари Далварзинтепа ва Холчаён ёдгорликларидан топилган экспонатлар, Варахшадаги қизил рангли хонадан деворий сурат, Кофирқалъадан ўймакор панно, Катта Лангар Қуръони саҳифалари, Амир Темур мақбарасидан қўш эшик, Афросиёбдаги элчилар тасвири туширилган деворий сурат ва бошқа экспонатлар билан танишдилар. Уларнинг яратилиши ва топилиши, улар билан боғлиқ тарихий даврлар ва шахслар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Кўргазма 2023 йил 6 март кунига қадар давом этади. Худди шу куни Париждаги араб дунёси институтида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмаси ҳам очилди.

Фото

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.