Кибермаконда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ҳақда 24 октябрь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, кейинги пайтларда интернетдан фойдаланган ҳолда бир қатор шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари рўй бермоқда.

Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш (дипфейк) ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда ва 165-модда (Товламачилик) диспозицияси «шарманда қиладиган уйдирмалар» сўзлари билан тўлдирилмоқда, дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси, жумладан, ноқонуний майнинг фаолияти учун Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

2022 йил ёзида ИИВ Киберхавфизлик маркази раҳбари сўнгги уч йилда кибержиноятлар сони 8,3 бараварга ортиб кетганини маълум қилганди.

Хусусан, Тошкентда фуқароларнинг банк карталаридаги пулларини алдов йўллари билан ўзлаштириш ҳолатлари кескин ошган. 2022 йилда бундай кибержиноятлар оқибатида тошкентликлар камида 45,2 млрд сўм зарар кўрган. Бу пулларнинг бор-йўғи 9,2 млрд сўмга яқини ундириб берилган.