2022 йилда Тошкентда ахборот технологиялари ёрдамида 4332 та ёки 2021 йилга (2281 та) нисбатан қарийб 2 баравар, 2020 йил билан (106 та) таққослаганда эса 40 баравар кўп кибержиноят содир этилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

банк карталари, ижтимоий тармоқлар, иибб, кибержиноят

ИИББ Тергов бўлими бошлиғи Анвар Тўхтаевнинг қайд этишича, аниқланган жиноятларнинг энг кўпида (63,4 фоизида) интернет орқали фуқароларга тегишли пуллар ўғриланган.

Бир йилда қайд этилган жами жиноятдан 3372 та ёки 82 фоизи банк пластик карталардан пул маблағларни талон-торож қилиш билан боғлиқ.

банк карталари, ижтимоий тармоқлар, иибб, кибержиноят

ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Анвар Тўхтаев (чапдан биринчиси). Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

банк карталари, ижтимоий тармоқлар, иибб, кибержиноят

банк карталари, ижтимоий тармоқлар, иибб, кибержиноят

Анвар Тўхтаевнинг сўзларига кўра, бундай жиноятлар биргина Ўзбекистонда эмас, балки дунёнинг барча давлатларида ҳам кўп учрайди. У МДҲ давлатларини ёки бошқа ривожланган давлатларнинг пойтахтларида ҳам айнан ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар сони йил сайин ортмоқда. Мисол учун 2022 йил давомида :

  • Москвада (Россия, 12,6 млн аҳоли яшайди) ахборот технологиялари соҳасида 105 360 та кибержиноят қайд этилган (2021 йилда — 103 600 та, 2020 йилда — 102 060 та кибержиноят);
  • Остонада (Қозоғистон, 1,3 млн аҳоли) бундай жиноятлар 4822 та аниқланган (2021 йилда — 4224 та, 2020 йилда — 5807 та);
  • Минскда эса (Беларусь, 2 млн га яқин аҳоли) 4773 та кибержиноят содир бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар бор. (2021 йилда — 4761 та, 2020 йилда-4 773 та);
  • Сеулда (Жанубий Корея, 10,5 млн аҳоли) 2022 йил 60450 та кибержиноят аниқланган (2021 йилда — 56210 та, 2020 йилда — 60450 та).

банк карталари, ижтимоий тармоқлар, иибб, кибержиноят

Тошкентда айни вақтда млн га яқин аҳоли муқим, бошқа вилоятлардан келиб-кетиши билан
4,5 млнга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлар эса 100 минг аҳолига нисбатан 96 тадан тўғри келмоқда.

Ушбу жиноятларга қарши курашиш учун ИИББ таркибида Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси очилди. Бошқарма банк пластик карталардан пул маблағлар талон-торож қилинишининг олдини олишга қаратилган видеорликлар тайёрлаб, уларни ОАВ орқали ёритган. Уни жами 2,5 млндан ортиқ кузатувчилар томоша қилган. Интернетдан фойдаланмайдиган аҳоли учун эса ҳудудий профилактика инспекторлари 25 мингдан ортиқ хонадонлар билан суҳбатлашган. Бундан ташқари, аҳолига флаерлар тарқатилиб, аҳоли гавжум жойларда фуқароларга буклетлар берилган.

«Бироқ, аҳоли билан олиб борилган кенг қамровли профилактик чора-тадбирларга қарамасдан, бу турдаги жиноятларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Аҳолимиз ҳанузгача буни тушуниб етганича йўқ. Бу турдаги жиноятларнинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, биринчидан, ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятлар ҳудуд, чегара ва макон танламайди. Иккинчидан, биргина ҳаракат билан бир нечта фуқароларга моддий зарар етказиши мумкин. Учинчидан, жиноятлар юқори технологияли, модификация қилинган дастурлардан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда», — деди Анвар Тўхтаев.

Шунингдек, жиноий йўллар билан топилган пул маблағлари электрон ва криптоҳамёнларда легаллаштирилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ахборот технологиялари соҳасидаги бўлган саводхонлиги етарли даражада эмас.

Кибержиноятлар қандай услубларда содир бўлмоқда?

Бундай жиноятни содир этувчи жиноятчилар асосан аҳолининг ишонувчанлигидан фойдаланиб, фуқароларни турли йўллар билан алдайди ва телефонларга келган ҳеч кимга берилмаслик ҳақида огоҳлантириш SMS хабари билан бирга келадиган «махсус код» рақамларини эгаллаб олади.

  1. Масалан, телефонда русийзабон шахс ўзини банк ёки мобиль тўлов тизими ходими деб таништириши мумкин. У фуқаронинг банк пластик картасига хаккерлар томонидан киберҳужум уюштираётгани ва шунга ўхшаш бошқа ёлғон маълумотларни айтиб ишонтиради. Кейин унинг картаси ҳақидаги маълумотларни олиб, пулларни ўзлаштиради.
  2. Банк ёки мобиль тўлов тизимларининг сохталаштирилган сайтлари орқали «Фоизсиз онлайн кредит» ва шунга ўхшаш одамларга қизиқ (фейк) хабарлар Telegram, Instagram ва Facebook каби ижтимоий тармоқлардан турли ҳаволалар кела бошлайди.
  3. Жиноятчилар OLX платформасида уяли телефон аппарати, дам олиш масканлари ёки бошқа буюмларни арзон нархларда савдога қўйиш орқали фуқароларнинг қизиқишини ўйғотиши мумкин.
  4. Интернет дўконларининг сохталаштирилган иловаларида фуқароларни алдов йўли билан рўйхатдан ўтказиш ҳам ҳозирги жиноят усулларидан бири ҳисобланади.
  5. Давлат томонидан моддий ёрдам пули берилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар кела бошлайди. Ҳозирда президентнинг сохталаштирилган сайтлари орқали фуқароларни «чув тушириш» оммалашмоқда.
  6. Ижтимоий тармоқларда ўзини трейдерлик билан шуғулланувчи шахс деб таништириб, пул маблағларини икки ва ундан ортиқ баровар кўпайтириб бериш ҳақидаги алдовлари билан фуқароларнинг ишончига кириш орқали уларнинг пуллари ўзлаштирилмоқда.
  7. Жиноятчилар Telegram орқали вилоятлараро киракашлик билан шуғулланувчи хайдовчиларнинг ишочига кириб, уларни алдаши мумкин. Мисол учун: вилоятлараро қатновчи таксичиларнинг Telegram гуруҳига номаълум шахс унинг пластик карта ҳисобига пул юбориши тўғрисида айтиб, манзилга етиб келганда уни нақд кўринишда беришга ишонтиради.
  8. PUBG, WORLD OF TANK интернет ўйинларида кучайтирилган аккаунтни савдога қўйиш билан ёшларнинг ишончига кираётганлар ҳам мавжуд.
  9. Ижтимоий тармоқларда «арзон тилла буюмлар сотилиши тўғрисида»ги ёлғон эълонларни қўйиш орқали фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг маблағларини ўзлаштираётганларни ҳам мисол келтириш мумкин.

Аввалроқ, Spot.uz онлайн фирибгарликни аниқлаш, уларни расмий хабарлардан ажратиш ҳамда алданиб қолмаслик учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни жамлаганди. Бундай вазиятларда:

  • эълонлардаги ҳар қандай акциялар, пул ютуқлари ҳамда бошқа таклифларни ташкилотларнинг расмий веб-саҳифасидан қайта текшириш;
  • сайтнинг расмийлигига ишонч ҳосил қилмасдан уларга ўз шахсий маълумотларни киритмаслик;
  • ижтимоий тармоқ ҳамда мессенжерларда тарқатилаётган, акция ва ютуқли лотерея ўйинлари тўғрисидаги рекламалар келтирилган ҳаволаларни текширмасдан олдин очмаслик;
  • расмий бўлмаган ҳаволаларни бошқаларга тарқатмаслик;
  • Аксарият Telegram орқали жўнатилаётган ёлғон хабарлардан келиб чиқиб, аккаунтга бузиб кирмасликлари ҳамда ишончлироқ ҳимояланиш учун икки босқичли аутентификацияни фаоллаштириш зарур.