Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетди. Бу ҳақда 16 июнь куни АОКАда ўтган матбуот анжумаида ИИВ Киберхавфсизлик маркази раҳбари Беҳзод Мамажонов маълум қилди.

«Охирги 3 йилда кибержиноятлар сони 8,3 бараварга ортиб кетган. Бунинг ичида айниқса, фирибгарлик 13 бараварга, ўғрилик 20 бараварга, товламачилик, туҳмат, ҳақорат қилиш каби жиноятлар 4,9 бараварга ошиб кетиши кузатилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, охирги пайтларда кибержиноятлар орасида энг кўп тарқалгани пластик карталар эгаларидан СМС-хабарномада келган кодларни сўраб, бунинг эвазига ютуқни бериш каби баҳоналар орқали маблағларни ўзлаштириш ҳисобланади.

«Бундан ташқари, ҳозирги кунда банк мижозларининг шахсий маълумотларини олган ҳолда микрокредит қарзлар расмийлаштириш ҳолатлари жуда кучайиб боряпти. Яъни, бевосита ўзимиз тўғримиздаги маълумотларни билиб-билмасдан бериб қўйишимиз оқибатида микроқарзни олиб, унинг номига расмийлаштириш кузатилаяпти», — деди Беҳзод Мамажонов.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб бирор давлат ташкилоти ёки идораси сайтига бузиб кириш ҳолатлари ҳам авж олган. «Уларнинг тармоқларига бузиб кириш орқали уларга нисбатан зарарлар етказиш ҳолатлари ҳам кузатилиб турибди», — деди ИИВ вакили.

«Сўнгги ойлар давомида шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиш ҳолатлари ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Фуқароларни уларнинг маълумотларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, таҳдид қилиб, керак бўлса пул талаб қилиш ёки бошқа қандайдир ишларга мажбурлаш ҳолатлари ҳам кузатилаяпти», — деди Киберхавфсизлик маркази раҳбари.

Таъкидланишича, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда аҳолида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш орқали уларни эҳтимолий хавфлардан барвақт огохлантириш — интернетдаги таҳдидларга қарши курашишдаги энг самарали усул ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, интернет тармоғида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, уларни барвақт олдини олиш бўйича бевосита ИИВ томонидан биринчи навбатда фуқаролар ўртасида фаол тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинаётгани айтилди.