Ўзбекистонда болалар адабиёти, юмшоқ қилиб айтганда, суст ривожланган, очиғини айтганда эса — ривожланмаган. Мамлакатда, минг афсуски, болалар учун мўлжалланган адабиётларга доир алоҳида статистик маълумотлар йўқ — бу иш билан ҳеч ким шуғулланмайди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 1100 номда жами 2,1 млн нусха китоб ва брошюралар чоп этилган. Бу даврда мамлакатда 19 ёшгача бўлган 13,1 млн нафар аҳоли бор эди — яъни ҳар бир ўзбекистонлик йигит-қизга 0,15 дона (битта ҳам эмас!) китоб. Агар бу китоблар ичидан болалар ва ўсмирларга мўлжалланганлари алоҳида ажратиб олинадиган бўлса, нисбат янада камайиши турган гап. Таққослаш учун, АҚШда 2022 йилда 17 ёшгача бўлган болалар сони 72,5 млн эди, мамлакатда эса 250, 8 млн нусхадан кўпроқ болалар китоби сотилган — яъни ҳар бир америкалик бола ва ўсмирга салкам 3,5 тадан китоб тўғри келган.

Шундай бўлса-да, бугун Ўзбекистонда болалар адабиёти учун ҳеч нарса қилинмаяпти деган хулоса қилиш ярамайди. Ўзбекистон 2022 йили Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (IBBY)га аъзо бўлди. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ, мамлакат 2030 йилгача 100 жилдлик «Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари»ни ўзбек тилида нашр қилиш, ҳар йили болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоб яратиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган. 2023 йилда Тошкентдаги Республика болалар кутубхонаси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Болалар китобхонлигига бағишланган тадбирлар ҳам, умуман олганда, аввалгидан кўпроқ. Буларнинг бари китобхонликка бефарқ бўлмаган кишиларни, шубҳасиз, қувонтиради. Аммо китобхонлик диди шаклланиши учун санаб ўтилган саъй-ҳаракатларнинг ўзигина етарли эмас.

Республика болалар кутубхонасида. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Республика болалар кутубхонасида. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ўзбекистонда болалар адабиётини нашр қилиш ишлари мақсадга мувофиқ даражада ривожланмагани туфайли аксарият ўзбекистонлик болалар ва уларнинг ота-оналарида болалар адабиёти бўйича дид кўнгилдагидек шаклланмаган. Дид шаклланиши учун болалар адабиёти кўп ва сифатли бўлиши, бундан ташқари, жаҳон болалар адабиётининг янги намуналари доимий равишда аҳоли қўлига етказиб турилиши керак. Китоб нашри кучайиб, бозорда таклиф кўпайгач, фарзандига китоб олиб бермоқчи бўлган ота-оналарга маълум даражада ёрдам зарур. Бу ёрдам, хусусан, тавсиявий рўйхатлар кўринишида бўлиши мумкин. Бундай рўйхатларни тайёрлашда эса танловларнинг ўрни беқиёс.

Нега танловлар ва тавсиявий рўйхатлар муҳим аҳамиятга эга? Аввало, танловлар китобларнинг сифатлисини саралаб олиш имконини берадиган самарали восита ҳисобланади. Танловлар адабиётдаги, китоб бозоридаги тренд ва истиқболларни, шунингдек, камчиликларни кўрсатиб беради. Шунингдек, танлов сабаб у ёки бу китобга жамоатчилик, хусусан, медиа эътибори қаратилади. Бунинг натижасида китоб сотуви жадаллашиши, нашриётлар томонидан янги китобларни кўпроқ чоп этиш учун имкониятлар пайдо бўлиши мумкин. Кўп китоб сотилиши учун тарғибот зарур, танлов ва тавсия рўйхатлари эса ана шу тарғиботнинг бир кўринишидир (ахир айнан тарғибот ва маркетингнинг кучи билан аҳоли аслида ўзига зарарли бўлган газланган ширин ичимликларни тонналаб сотиб олади). Шундай қилиб, китоблар (хусусан, танловлар ва тавсия рўйхатлари орқали ҳам) қанча кўп тарғиб қилинса, нашриётлар шунча кўп китоб сотади, нашриётлар фаолияти ўсгани, кенгайгани сари китобхонлик ҳам ривожланади, китоб мутолаа қилувчи қатлам кенгаяди. Зотан танловларнинг бош мақсади у ёки бу китобни маълум бир тоифада «энг яхши» деб конкрет белгилаш эмас, балки маълум бир ҳикоя ё муаллифнинг хизматларини кенгроқ аудиторияга ёйишдир.

Ҳозир Ўзбекистонда эътиборга молик ёки нуфузли китоб рўйхатлари умуман йўқ, деб бўлмайди. Масалан, «Ёш китобхон» танловида иштирок этмоқчи бўлган ёшлар учун мутолаа қилиниши тавсия этиладиган китоблар рўйхати тузилган. Лекин у ерда мактабгача ёшдаги болалар учун бирор-бир китоб йўқ — нега бундайлиги ҳам тушунарли, чунки танловда мактабгача ёшдаги болалар қатнашмайди. Аммо китобхонлик мактаб ёшидан эмас, балки гўдаклик давридан бошлаб шаклланади. Айнан мия жадал ривожланаётган даврда шаклланган китобхонлик келгусида кўп ва яхши самара беришига доир кўплаб тадқиқотлар бор. Мен суҳбатлашган аксарият ўзбекистонлик ота-оналар боғча ёшидаги фарзандларига одатда эртак китобларни танлашини айтади. Албатта, ҳечдан кўра шуниси ҳам яхши. Аммо эртак ҳам боланинг когнитив ва психологик ривожланишига муносиб бўлиши керак. Масалан, ўгай она ҳақидаги китоб 4 ёшли бола учун тушунарсиз бўлиши, боланинг шаклланмаган психикаси учун белгиланган самарани бера олмаслиги мумкин.

Катталар адабиётидан кўра болалар адабиёти танловларга муҳтожроқ. Нега? Катталар ўз онги ривожланганлиги даражасида китоб танлай олади — кимдир Кафкани ўқигиси келса, кимдир Коэльони маъқул кўради. Шаклланиб бўлган бундай дидни ўзгартириш осон эмас. Болаларда бундай эмас — уларга онги ва тафаккури айни шаклланаётган даврда тўғри ва керакли озуқа бериш керак. Китоб — ана шундай озуқа, лекин унинг ҳам энг фойдалисини бера билиш учун ота-оналар ва педагогларга бирор-бир тавсия ё эксперт нуқтаи назари керак бўлади. Аксарият ота-оналар ёшлигида ўқиган китобларни тавсия қила олгани билан, замонавий адабиёт, замонавий китоблар бўйича уларнинг тасаввури ҳам чегараланган бўлиши мумкин.

Китоб танловлари нафақат катта, давлат нашриётларининг китоблари, балки кичикроқ, хусусий нашриётлар томонидан чоп этилган, ёш китобхонлар учун чиндан-да қизиқ китоблар ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолмаслиги, умуман, болалар китобхонлиги табиий ривожланиши, болалар адабиёти бозори шаклланиши учун ҳам зарур. Бундай танловлар турли идора ва ташкилотлар томонидан, турлича ёндашувлар билан ташкил этилса, ҳақиқий рақобат муҳити юзага келади ва бундан охир-оқибат китобхонлар ютади.

Фото: Динара МўминоваФото: Динара Мўминова

Болалар адабиётига оид танловлар ёки тавсиявий рўйхатлар қандай бўлиши мумкин?

Олдиндан қайд этиш жоиз: биринчидан, бу танловлар ва тавсия рўйхатлари фақат ўзбекистонлик муаллифларнинг китоблари асосида бўлиши лозим; иккинчидан, танловда ғолиб бўлган китобларнинг муқоваси ёки сотиладиган жойига унинг ғолиб экани ёки махсус тавсия рўйхатига киритилгани ҳақида белги қўйилиши керак — бундай белги ота-оналар ва педагоглар учун маёқ вазифасини бажаради; учинчидан, танлов ва рўйхатлар мактабгача таълим ёшидаги болаларни ҳам инобатга олиши зарур, чунки чинакам китобхонлик, юқорида ҳам таъкидланганидек, айнан боғча ёшидан бошланади ва бу ёшдаги болаларга ҳам турли жанрларга мансуб китоблар керак, фақат эртаклар эмас.

1. Нашриётларнинг тавсия рўйхатлари (нашриёт томонидан чиқарилган болалар адабиётлари бўйича йил тавсиялари). Бунда китоблар кўп бўлса, улар жанр ва ёш категорияси бўйича алоҳида ажратилиши мумкин. Китоб сони кам бўлса, у ҳолда сотув даражаси, китобхонлар томонидан бўлаётган қизиқиш, бир китоб ортидан иккинчи китоб (давоми) сўралиши ва ҳоказо омилларга қараб, рўйхатни шакллантириш мумкин. Мисол учун, болалар адабиётини чоп этиш бўйича ҳам катта тажрибага эга бўлган Россиядаги «МИФ» нашриёти ўз сайтида бестселлерлар ва китобларнинг нашриёт муҳаррирлари танлови бўйича махсус рўйхатларини бериб боради. Бу китоб излаётган ота-оналар ва педагоглар учун самарали воситадир.

2. Нашриётлараро танлов. Бунда бир неча нашриёт келишиб, ўзлари чоп этган болалар китоблари орасида танлов ўтказади. Четдан (нашриётларга алоқаси йўқ) экспертлар жалб қилиниб, ҳар бир китоб овозга қўйилади ва ғолиб китоб аниқланади. Бундай танловларни ҳукумат идора ва ташкилотлари, бизнес тузилмалар, хусусан, банклар ҳам ўтказиши мумкин. Эксперт сифатида эса тажрибали кутубхоначилар, педагоглар, филологлар, китобхон ота-оналар жалб қилиниши мумкин. Россиядаги «Новая детская книга» («Янги болалар китоби») танлови бунга мисол бўла олади.

3. Китоб дўконларининг тавсия рўйхатлари. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жумладан китоб билан ҳам савдо қилувчи электрон савдо майдончалари, маркетплейслар кўпайди ва ривожланди. Мазкур сервислар ўзи сотаётган болалар китоблари орасидан ёш категорияси, жанрлар ва бошқа турли омиллардан келиб чиқиб, тавсия рўйхатларини тақдим этиши ва бу ишни икки хил йўл билан қилиши мумкин. Биринчиси, улар мунаққидлар, муҳаррирлар, педагоглар, ота-оналар ва бошқа манфаатдорлардан иборат ҳайъат тузиб, унинг танловига энг яхши китоблар рўйхатини эълон қилиши мумкин.

Иккинчиси, бу ўша савдо майдончалари ва маркетплейсларнинг технологик имкониятлари билан тузиладиган ва реал вақт режимида янгиланиб турадиган «энг кўп изланган», «энг кўп сотилган» (бестселлер), «энг кўп фикр билдирилган» (ва ҳоказо) китоблар рўйхатларидир. Масалан, дунёдаги энг катта онлайн китоб дўкони ҳисобланган Amazon.com сайтида тақдим этилган техник имкониятлар (фильтрлар) ёрдамида ҳар ким ўзи истаган жанрга оид китобни ёш категориясига қараб саралаб олиши мумкин. Саралаш жараёнида сайт алгоритми айнан энг кўп изоҳга эга ва муштарийлар томонидан энг кўп балл олган китобларни биринчи галда (энг юқорида) тавсия қилади.

4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги танлови. Бунда вазирлик масъуллари ва экспертлари мамлакатда йил давомида нашр этилган барча болалар адабиётлари орасидан энг яхшиларини танлаб, буни вазирлик танлови сифатида тақдим этиши мумкин. Ота-оналар вазирлик сайтига кириб, ушбу рўйхат билан осонгина таниша олиши керак. Масалан, Жанубий Кореяда китоб дўконлари ёки кутубхоналарда китоб танлаётганингизда, айримларида «Вазирлик тавсияси» деган белгини кўриш мумкин. Бу белги қўлингиздаги китоб бола ривожланиши учун ҳақиқатан ҳам фойдали эканлиги вазирлик томонидан ҳам тасдиқланганини англатади.

5. Кутубхоналар танлови ва тавсия рўйхатлари. Ҳар бир катта ва кичик кутубхона ўқувчилар йил давомида қайси китобларни энг кўп сўраганидан келиб чиқиб, ёш категорияси бўйича йил китобларини аниқлаши керак. Ва бу китоблар (ёки уларнинг номлари ёзилган рўйхат) кутубхонанинг ҳаммага кўринарли жойида маълум муддат (шунингдек, Жанубий Кореядагидек — кутубхона сайтида доимий) туриши керак. Кутубхоналарнинг тавсия рўйхатлари доимий янгилаб турилиши, бунинг учун доимий ўрганиш (тадқиқот) олиб борилиши керак.

6. Уюшмалар танлови. Бунда таълимга алоқадор ҳар қандай уюшма томонидан болалар адабиётининг энг яхши намуналарини аниқлаш бўйича танлов ўтказади ва унинг якунлари тавсиявий рўйхат сифатида эълон қилинади. Мисол учун, Жанубий Корея Болалар адабиёти ва таълими жамияти мунтазам равишда тавсия рўйхатларини шакллантириб боради.

7. Ота-оналар танлови. Мазкур танловни фарзанди мактаб ва боғчага қатнайдиган, кутубхонага келиб турадиган ота-оналар ўртасида, уларга сўровномалар юборган ҳолда амалга ошириш мумкин. Масалан, АҚШда катта нашриёт уйлари ота-оналар орасида сўровномалар ўтказиб, «Ота-оналар танлови» номли тавсиявий рўйхатлар тузади ва жамоатчиликка тақдим этади.

8. Давлат танловлари. Бунда бир вақтнинг ўзида бир нечта танлов ташкиллаштириш мумкин — улар таниқли болалар ёзувчиларининг номлари билан аталиб, ҳар бир танловнинг мақсади турлича бўлиши керак. Мисол учун, бири энг яхши насрий, бошқаси назмий асарни аниқласин, яна бир танлов болалар адабиёти ривожи учун қўшилаётган ҳиссани, бошқаси таълимга кўрсатилаётган таъсирни эътироф этсин ва ҳоказо. Бундай танловларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин — Ҳанс Кристиан Андерсен мукофоти, Калдекотт медали, Ньюбери медали, Корней Чуковский номидаги танлов, Самиул Маршак номидаги адабий мукофот ва бошқалар.

Китоб муқовасига унинг у ёки бу танлов ғолиби экани ҳақида белги (тамға) қўйилган. Фото: Динара МўминоваКитоб муқовасига унинг у ёки бу танлов ғолиби экани ҳақида белги (тамға) қўйилган. Фото: Динара Мўминова

9. Педагог-ўқитувчилар танлови. Бунда мактабгача ва мактаб таълими педагоглари болалар адабиётлари орасидан ўқув жараёнида энг самарали восита бўла оладиган китобларни танлайди. Бунинг учун бирор-бир ахборот тизимига педагоглар томонидан уларга ёққан китоб номлари киритилиб, йиғиб борилиши керак. Йил давомида энг кўп қайд этилган китоб якунда ғолиб деб топилади. Мисол учун, Жанубий Корея мактабларида ота-оналарга боланинг ёшига мос китоблар мунтазам тавсия қилиб борилади. Тавсиялар марказлашган (масалан, «Кундалик»га ўхшаш) ахборот тизими орқали ҳар бир ота-онага етказилади.

10. Китоб ва таълим блогерларининг тавсиявий рўйхатлари. Бугун Ўзбекистонда букблогинг ҳам ривожланмоқда, букблогерлар кўпаймоқда, улар орасида ихтисослашаётганлар ҳам йўқ эмас. Болалар адабиётини чуқур ўрганувчи блогерлар жамият учун жуда муҳим. Янги чоп этилаётган болалар китоблари ҳақида мунтазам ўз фикри, тақризларини бериб борувчи блогерлар ота-оналарнинг китоб диди шаклланишига яхшигина таъсир кўрсата олади ва уларнинг яхши китобларни танлашига ёрдам бериши мумкин. Ҳар бир блогер ўзи ёки бир неча блогер уюшиб, ҳар ой, фасл ё йил якунида янги чоп этилган болалар китоблари орасидан ўз талқинларига кўра энг яхшиларни эълон қилиши мумкин (масалан, YouTube’даги Little Book Owl’ни мисол қилиб кўрсатиш мумкин — у, асосан, ўсмирлар учун мўлжалланган китобларни тавсия қилади, мунтазам ўз тавсия рўйхатларини тузиб боради).

Муаллиф ҳақида: Динара Мўминова — мактабгача ёшдаги болаларда китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича мутахассис. Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Болалар учун мўлжалланган «Ажойиб кактус», «Сумалакнинг сеҳрли тоши», «Наврўз ранглари», «Туғилган кунимга совға», «Энг зўр чумоли», «Нега юлдуз тушмайди?», «Томчи қаерга кетди?», «Қуёшнинг сирли ботиши», «Мойқаламнинг сеҳрини излаб», «Менинг алифбе китобим» расмли китоблари муаллифи. «Қуёшнинг сирли ботиши» китоби 2022 йили Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказилган «Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб» танловида совриндор бўлган. «Сумалакнинг сеҳрли тоши» китоби эса X-Open Eurasia (Буюк Британия) халқаро танлови финалига чиққан. Жанубий Корея, Испания, Ўзбекистон мактабгача таълим муассасалари ва ўқув марказларида ўқитувчи ва кутубхоначи сифатида тажрибага эга. Айни вақтда Нордик халқаро университетида «Болалар адабиёти» фанидан дарс беради ва илмий иш олиб боради.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.