«Болага китоб беринг!» деймизу, нега ақли, дунёқарашини бойитадиган, ёшига мос бадиий, илмий-оммабоп, суратли ва бошқа мазмундаги адабиётлар чоп этилишида сустмиз? 2021 йили ношир Санжар Назар билан бўлган суҳбатда Ўзбекистонда болалар нашри учун бирорта имтиёз йўқлиги, қўшимча солиқ юки, молиявий муаммолар ранг-баранг адабиётларни чиқаришга тўсқинлик қилаётгани таъкидланганди.

Бир неча кун олдин ношир билан қайта боғланиб, «Ўтган вақт ораси соҳада қандайдир ўзгариш, янгилик бўлдими? Сиз санаган муаммолар сал бўлса-да ечимини топдими?» деб сўрадим. «Йўқ, ҳаммаси ўша-ўша!», деган жавоб янгради. Тўғри, муаммоларимиз кўп, бироқ шунча вақт ораси болалар адабиётидаги муаммоларнинг барини бўлмаса-да, кўзга кўринарли, йирикларини ечишга наҳот имкон бўлмади, деган савол ҳам бор.

«Барини биламиз, лекин ҳеч нима қилмаймиз!»

Англияда яшаб ижод қиладиган болалар ёзувчиси С.Ф. Саид: «Болалар адабиёти ёш китобхонга чинакамига таъсир кўрсата олишига астойдил ишонаман. Улар бизни мангуга шакллантирадиган китоблардир. Қадимги афсоналардек катта-катта саволларни ўртага қўяди: ‘Киммиз? Қаердан пайдо бўлганмиз? Кимга тегишлимиз? Қандай яшашимиз керак?ʼ», дейди. Саккиз йилдан бери Германияда яшаётган ва болалар учун «Қуёшли тонг» китобини ёзган Cитора Усмонова: «Бу ерда ҳаммаси бошқача: болалар китобни севишни ота-онадан ўрганишса, уни ўқиб-тушунишни боғча ва мактабда бошлашади. Германия шаҳарларининг деярли ҳар бир даҳасида катта-кичик кутубхоналар ва болалар китоб дўконларини янгисидан тортиб «second hand»игача учратиш мумкин. Буни яна Бельгия, Франция ва Австрияда ҳам қатъий талаб эканини кузатдим», дея Европада болалар адабиётига эътибор қандайлигини тасвирлайди.

Майли, бизда китоб дўкони ва кутубхоналаримиз дунё билан бўйлашгулик даражада бўлмасин. Серҳашам қироатхонадан аввал болалар ёши, талаби, қизиқишига мос нечта ва қандай китоблар чиқарилаётгани муҳимроқ. Бир йилда нечта ном ва ададда шундай асарлар нашр этилмоқда? Болаларни ўйлантирадиган, тинимсиз савол ёғдиришига сабабчи бўлаётган асарлар яратиляптими? Ёзувчилар уюшмасининг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлилида на бир таҳлил, на статистик маълумот ва на бир йил давомида чоп этилган асарлар номи келтирилган. Охирги йиллари чоп этилган «Галактикада бир кун», «Коинот жавоҳири», «Бувамнинг ошқозонидаги мамлакат», «Туғилган кунимга совға», «Ажойиб кактус», «Қуёшнинг сирли ботиши» каби ўқувчиларини топган китоблар ҳақида бир жумла ҳам топилмайди.

2022 йили Ўзбекистонда нечта номдаги болалар адабиёти чоп этилгани ва уларнинг умумий ададини билиш мақсадида Статистика агентлигидан сўралганда, ташкилотда бунинг рақами юритилмаслиги ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)га боғланиш кераклиги айтилди. АОКА масъул ходими эса уларда анча йилдан бери бундай ҳисобот шакллантирилмаслиги, шундай ҳисобот зарур бўлса, ходим нашриётларга сўров юбориши ва ундан кейин аниқ жавоб бера олишини маълум қилди. «Умумий ҳисобда, чоп этилаётган китобларнинг 30 фоизи болалар адабиёти ҳиссасига тўғри келади», дея қўшимча қилди масъул ходим суҳбат сўнгида.

Бундан ташқари, ўзбек болалар адабиёти ҳисоботи ва таржима асарлар бўйича Ёзувчилар уюшмасининг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашида ҳам маълумотлар тўпланиши билдирилди. Ушбу кенгаш раиси Ориф Тўхташга боғланганда, бу масалада аниқ рақамлар жамланмаслиги, қайси болалар ёзувчиси ёки шоирининг чоп эттирган асари кенгашга маълум бўлса, ана ўшалар ҳисоботларга киритилишини таъкидлади. Тўлиқ ва батафсил маълумот йўқлиги хусусий нашриётларнинг кўпайиб кетаётгани ва назоратнинг йўқлиги билан изоҳланди.

Wordsrated маълумотига кўра, 2022 йили дунё бўйлаб 250,7 млн ададда болаларга мўлжалланган китоб сотилган, шу йили Американинг китоб савдосидаги 32,8 фоиз улуши болалар адабиётига тегишли. Келаси йили АҚШ болалар китоб бозори ҳажми 2,62 млрд долларга етиши тахмини бор. 2026 йилга бориб бутун дунё болалар китоби бозори ҳажми 13,02 млрд долларни ташкил этишига умид қилинмоқда. Бироқ бу рақамлар кўпайишига Ўзбекистон ҳам ҳисса қўшадими-йўқми — номаълум.

Жанубий Кореяда яшаб, ўзбек болаларига бир нечта китобларни туҳфа этган ёзувчи Динара Мўминованинг айтишича, «Ўзбекистондаги болалар адабиёти сони шу қадар камки, уларни на таснифлай оламиз, на бола ёшига қараб ажратамиз, на мавзуларга бўла оламиз. Ҳатто муаллифларни саралай олмаймиз. Яқинда Тошкентдаги бир хусусий университетдаги очиқ дарсда қатнашдим. Биринчи курс талабаларидан болалар адабиёти деганда хаёлингизга энг аввал қайси асарлар келади деб сўрасамулар „Кичкина шаҳзода“, „Зумрад ва Қиммат“ деб жавоб берди. Сабаби аниқ: бугун китоб дўконларида болалар учун асосан фольклор ёки сифатсиз таржима китобларгина мавжуд».

Жанубий Кореяда яшаб ижод қилаётган Динара Мўминованинг 2022 йили Ўзбекистонда чоп этилган уч китоби. Фото: «Akademnashr»Жанубий Кореяда яшаб ижод қилаётган Динара Мўминованинг 2022 йили Ўзбекистонда чоп этилган уч китоби. Фото: «Akademnashr»

Нега айни шу масалага келганда оғиркарвон бўлиб қолишимиз ва кўпинча лоқайд қарашимизни болалар ёзувчиси Саъдулло Қуронов қуйидагича изоҳлайди: «Бизда болалар адабиёти, умуман, болалар китобхонлиги, матнни ўқиб уни тушуниш даражаси жуда-жуда паст. Энг қизиғи, буни мутахассислар ҳам, зиёлилар ҳам яхши билгани ҳолда, болалар адабиётидаги муаммони аниқ — объектив баҳолай олмайди. Нега десангиз, бизда на баҳолаш мезонлари ва на воситалари мавжуд. Шунчаки, аҳволимиз ёмонлигини, касалимиз оғирлигини биламиз, холос».

Саъдулло Қуроновнинг алоҳида таъкидлашича, болалар адабиётини ҳам илмий тадқиқотларсиз ривожлантириш имконсиз. «Доим айтаман — болалар адабиётининг ривожи фақат ёзувчи ва ноширга боғлиқ эмас. Бу муаммо комплексли, унга ечим топиш учун малакали тилшунос, руҳшунос, адабиётшунослар кўмаги зарур. Ҳозир ҳар бир микроҳудудда кичик кутубхона очиб, ичини китоб билан тўлдириб юборсак ҳам муаммо деярли ечилмай қолаверади. Сабаби биз, аввало, китобхонлик маданиятини, болаларда матнни ўқиб тушуниш кўникмасини шакллантириб олишимиз зарур».

Динара Мўминова эса ҳолатни бошқа ракурсдан кузатганини, талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат бузилганини баён этади: «Энг аламлиси, китобларим Ўзбекистондан кўра Amazon платформаси орқали кўпроқ нашр этилган ва сотилган. Ҳатто ўзларида турли-туман китоблар бўлишига қарамай, Америка, Европа, Канадада яшайдиганлар ҳам китобларимни сотиб олишади. Ўзбекистонда 4 та китобим 3000 донадан чоп этилди ва ҳали ҳам сотиб тугаллангани йўқ. Қарасам, 10 мингга яқин умумтаълим муассасаси ва 8000 га яқин мактабгача таълим ташкилоти бор экан. Шуларнинг нечтаси янги чиқаётган китоблардан сотиб олмоқда?».

Cитора Усмонова эса Германиядаги боғчаларда нафақат болаларга китоб ўқиб берилишини, балки ҳар бир бола ўз китобини ясаши мумкинлигини ҳам мисол қилиб келтиради: «Боғчаларда тарбиячилар болаларга ҳар ҳафта китоб ўқиб беради. Биз ота-оналар буни қўллаб-қувватлаймиз ва янги китобларни совға қилиб турамиз. Яқинда боғчамиз маъмуриятидан 23 апрель — Бутунжаҳон китоб кунига бағишлаб болалар ўз китобларини ясаши машғулоти режалаштирилаётгани, бунинг учун 1 дона қаттиқ қоғоз бериб юборишимиз кераклиги ҳақида маълумот олдик. Бу, менимча, ҳар қайси ота-онани қувонтирадиган машғулот».

Ўзбек ноширчилигида болалар китобини чоп этишда асосий муаммолардан бири қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) эканини ёзувчилар ҳам алоҳида урғу қўяди. «Китобларимда болалар муаммосини уларнинг қараши билан очиб беришга ҳаракат қиламан. Шулардан бири „Сумалак“ ҳақидаги китобим. Amazon’да баҳор келиши билан сотуви ортган. Лекин ўзбек болажонларига етгани йўқ ҳали. Чунки Ўзбекистонда китоб нашр қилиш осон иш эмас. Ривожланган мамлакатларда болалар адабиёти нашри учун ҚҚС 0 фоиз ёки камайтирилган пайтда бизда у умумий ҚҚС билан бир хил ҳолатда», дейди Динара Мўминова.

Ёш чегарасини ким белгилайди — муаллиф, муҳаррир ёки ота-она?

Ўзбекистонда болалар адабиётини тадқиқ қиладиган, унинг ривожланиши ва истиқболига оид хулосаларни берадиган мутахассислар, тадқиқотчилар кам. Бу ишни ҳам ёзувчилар ўз зиммасига олишга мажбур. Саъдулло Қуронов бу масалада қилинадиган ҳаракатни энг аввал китобларни ёш категориясига ажратишдан бошлаш зарур деб билади.

«Болалар учун ёзилган матн уларнинг ёши, руҳияти ва тилни тушуниш даражасига мувофиқ бўлмас экан, барча ҳаракатлар беҳуда кетаверади. Чунки болалар адабиётида ёш категориясини тўғри белгилаш ва матннинг ўқишлилик даражасини аниқлаш жуда муҳим. Негаки, биз 8 ёшли болага 12 ёшли боланинг китобини тутқазаётган бўлишимиз мумкин. Бола бу китобни ўқишга ҳам, тушунишга ҳам қийналади. Бунинг чораси — асарни 0+, 3+, 6+ каби ёш категориялари белгиланиши шарт. Энди ўйлаб кўринг, бизда ёш категориялари қайси мезонлар асосида белгиланади? Муаллиф ёки муҳаррирнинг шахсий, субъектив тажрибасидан бошқа мезон йўқ. Аслида, буни белгилаш учун тилшунослар илмий тадқиқот ўтказиши, гап ва матн қурилишининг мураккабликларини аниқлаши, турли ёшдаги болаларда тажрибалар ўтказиб, қайси сўз қай ёшдаги боланинг тушуниш даражасига мослигини белгилаб бериши зарур», — дейди у.

Ёш категориясининг белгиланиши болани келгусида китобга қизиқтиришда жуда муҳим. Унинг ёши ва қизиқишига моси илмий-тадқиқот хулосалари асосида белгиланган мезонларда аниқланади. Ёшни белгилашда хорижда талаб ва мезонлар ишлаб чиқилган. Ижтимоий лойиҳа сифатида яратилган ва болалару катталарни китоб ёзишга илҳомлантирадиган Journey to Kidlit платформаси болалар адабиётининг ёш чегарасини таснифлаб чиққан.

Масалан, 0−3 ёш ораси учун китобдаги сўз 100 тадан ошмаслиги шарт. Баъзан китоб матн эмас, суратлардан иборат бўлиши ҳам мумкин. 3−8 ёш учун 250−1000 та сўздан ошмаган асар талаб этилади. Бунда ҳам матндан кўра сурат «сўзлаши»га кўпроқ урғу қўйилади. 5−9 ёшдагилар «илк китобхон» саналиб, уларга аталгани 1500−2000 та сўз, 6−10 ёш учун 8,5−12 мингта сўз бўлиши керак. 8−12 ёш орасига 25−50 мингта сўздан иборат асар ёзилади, одатда.

Саъдулло Қуроновнинг «Галактикада бир кун» илмий-фантастик қиссасининг давоми — «Коинот жавоҳири» китоби. Фото: «Akademnashr»Саъдулло Қуроновнинг «Галактикада бир кун» илмий-фантастик қиссасининг давоми — «Коинот жавоҳири» китоби. Фото: «Akademnashr»

Боланинг психологик-эмоционал ҳолатини тасвирлаш ва унга зарур билимни беришда ёш чегарасини аниқлаш муҳимлиги учун Динара Мўминова ҳақли саволни ўртага ташлайди: «Яқинда япониялик ёзувчи Кенжиро Ҳаитанининг „А Rabbit’s Eyes“ деган 10−12 ёшдаги болаларга мўлжалланган китобини ўқидим. Асарнинг бир қисмида ижтимоий-экологик муаммо ва улар орасида ўсаётган болалар дарди кўрсатилган, қизиқарли зоологик маълумотлар берилган бўлса, иккинчи тарафда ҳар бир инсон гўё олмос экани, унга керакли ишловни бериш кифоя экани тасвирланган. Шу ёшдаги бола ўзига кераклисини олмай қўймайди», — дейди у.

«Бир савол қийнайди мени: бизда болаларнинг психологик эҳтиёжларини қондира оладиган адабиётлар борми? Ота-онаси жанжаллашаётган боланинг қалбидан нималар ўтишини акс эттирган китоб, отаси муҳожирликда юрган ёки ногиронлиги бор болага руҳий мадад берадиган, мактабда камситилиб, масхара қилинадиган ўқувчининг кўнглини ёритадиган, боғчада ўйинчоғини олдириб қўйган боланинг дарди ҳақидаги китоблар борми?», — дея таъкидлайди Динара Мўминова.

У болалар психологияси, нейропсихология, психотерапия кескин ривожланган ҳозирги даврда уларнинг психологик муаммоларини кўрсатиб берувчи ўзбек тилида бирор китоб йўқ, деб ҳисоблайди. «Шуларни ҳисобга олиб «Ажойиб кактус» расмли китобимда буллингни, «Туғилган кунимга совға»да болаларнинг ихтирочилиги ва нияти сари интилиши, «Томчи қаерга кетди?»ни STEM таълимига асослаб, қаҳрамонлар ҳикоясини яратганман»», — дейди у.

Ечим бор, лекин ким бажаради?

Ўзбек болалар адабиётидаги муаммоларга ечимни аслида тадқиқотчи, танқидчи ва адабиётшунослар кўрсатиши керак. Лекин танқидчилик мисоли кўричакдек гоҳ борлигини кўрсатиб, гоҳ жим тургани боис яна ёзувчиларнинг ўзи ташаббус кўрсатмоқда. Аслида, мутасадди ташкилот ва илмий-тадқиқот институтлари зиммасидаги вазифани бошқа нажот кемаси бўлмагач, ёзувчи бўйнига олмоқда.

Саъдулло Қуронов тобора умид камаяётган йўналишни ўзбек тилининг изоҳли ва имло луғатига киритилган сўзлар (сўзлар банки)ни болаларнинг ёши, тушуниш даражасига мувофиқ тарзда таснифлаш, болалар учун ёзилган матнларнинг ўқишлилик даражасини (readability) аниқловчи, ёш категорияларини белгиловчи ва бундай матнларни ўқиб тушунишни баҳоловчи мезонларни ишлаб чиқиш орқали қутқариш мумкинлигини таъкидлайди.

«Бу масалалар дунёнинг жуда кўплаб давлатларида, ҳатто қўшни Қозоғистон, Қирғизистонда ҳам ишлаб чиқилган. Шу лойиҳалар амалга оширилса, бунинг асосида махсус дастур яратилади. Дастур матнни таҳлил қилиб, унинг ўқишлилик даражасини, ёш категориясини автоматик тарзда аниқлаб беради», — дейди ёзувчи.

Буни, жумладан, рус тилидаги матнларни анализ қилиб, унинг мураккаблик даражасини кўрсатиб берувчи www.textometr.ru платформаси ёрдамида ҳам тасаввур қилиб олиш мумкин. Саъдулло Қуроновнинг ўзи мазкур платформада тажриба тариқасида Николай Носовнинг «Билмасвой билан дўстларининг бошидан кечирганлари» асаридан кичик бир парчани таҳлилга тортганини айтади.

Таҳлил қуйидагича натижалар берган:

  • Асар матни мураккаблик даражаси бўйича 9−10 ёшдаги болаларга мос келади;
  • Флеш формуласига кўра (матннинг ўқишлилик даражаси — readability) 51 балл олди;
  • Рус болалари истеъмолида бўлган энг фаол 5000 сўзга 88 фоиз мос келади;
  • Айрим сўзлар («одуванчик», «коротышка», «маргаритка» каби) шу ёшдаги болага нотаниш бўлиши мумкин.

«Энди тасаввур қилинг, бизда ҳам шундай тизим бўлса, бу китобхонликни ривожлантиришга қай даражада таъсир қила олади? Албатта, мен кўтарган масала болалар адабиётидаги муаммонинг бир учи холос. Лекин шундай бўлса-да, назаримда, ечим топилиши зарур бўлган муаммолар ичида энг муҳими», — дейди Саъдулло Қуронов.

Динара Мўминова эса «болалар адабиёти ривожланиши учун ягона ва кучли ташкилот керак», деб ҳисоблайди. «Болалар адабиётини жанрларга таснифлаш ва уларга ном бериш, болалар ёзувчиларини қўллаб-қувватлаш, кутубхоналарни ривожлантириш (ҳар бир маҳаллада камида битта кутубхона бўлиши шарт), муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, болалар адабиёти базасини яратиш, соҳани ўрганиш ва ривожлантиришда психолог-экспертлар билан ҳамкорлик қилиш муҳим. Бу амалиётлар бугун бизга ҳеч бўлмаса болалар адабиёти соҳаси тирик қолиши учун керак. Улар бизга камида қанотимизни ростлаб олишимизга ёрдам беради», дея қўшимча қилади у.

Боласига қандай манбалар билан ишлаш, уни саралаш, таҳлил қилиш, ёлғонини ростдан ажратиш кўникмасини ўргатолмайдиган ота-она кўп. Интернетдаги сон-саноқсиз, чиғириқдан ўтмаган ахборотни болага шундайлигича берадиганлар ҳам топилади. Ўғил-қизни ҳаётга тайёрлаш, онгли шахс қилиб ўстиришда тажриба ва тарбиядан ташқари яхши, залварли китобларни ўқиш-уқиш зарур. «Болалар адабиёти нега керак?», деган савол ортиқча аслида. Чунки бола одамлардан тополмагани, ота-онаси, устози ўргатмаганини китобдан олади, дунёга муносабатини севимли эртак қаҳрамонлари, роман-қиссалардаги кечинмалар, саргузаштлар орқали шакллантиради.

Ўзбек болаларига «Сариқ девни миниб», «Ширин қовунлар мамлакати», «Даҳшатли Мешполвон», «Оловжон ва унинг дўстлари» ва халқ оғзаки ижоди намуналари билан бирга бугунги кун воқелигига мос замонавий асарлар керак. Бола турли онлайн манбаларга эмас, китобга меҳр қўйиб улғайгани хайрлироқ.