24 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси Саманта Пауэр Яқин Шарқдаги можаро, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

«Газета.uz» мухбирининг Яқин Шарқда янги кескинлашув фонида қандай қилиб тинчликка эришиш мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, у шундай деди:

«Биз ҲАМАС томонидан содир этилган даҳшатли қотилликларни кескин қоралаймиз. Президент Байден бу минтақага қилган ташрифида таъкидлаганидек, Қўшма Штатлар Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, президент Байден халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишни таъминлашнинг муҳимлигини таъкидлади».

Саманта Пауэр ҳукуматнинг ривожланиш агентлиги — USAID раҳбари сифатида асосий эътиборини инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга қаратаётганини қайд этди. USAID БМТ, Халқаро Қизил хоч қўмитаси, Миср Қизил ярим ой жамияти ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Ғазога гуманитар ёрдам етказмоқда.

«Бунга эришиш президент Байденнинг бош вазир Нетаньяху ва Миср президенти Сиси билан иштирок этган жуда узоқ музокараларни талаб қилди. Бу юк машиналари ҳозирда ҳаракатланмоқда ва ҳаракатини давом эттириши керак. Ва, умид қиламизки, Ғазога жўнатилган юк миқдори ортади. Бундан ташқари, оғир жароҳат олган ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлганларга булар етиб бориши жуда муҳимдир», — деди у.

USAID администратори, шунингдек, АҚШнинг конфликт бўлаётган минтақада тинчлик ўрнатишга содиқлигини эслатди.

«Фаластин ва Исроил халқлари ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш масаласи узоқ вақтдан бери давом этмоқда. Албатта, бугунги кунда тинчлик масаласи сўнгги кунлардаги воқеалар — ҲАМАСнинг шафқатсиз террористик ҳужуми, Ғазодаги уруш ва гуманитар эҳтиёжлар нуқтаи назаридан узоқроқ кўринади. Аммо минтақадаги барча халқларнинг хавфсизлиги ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш жуда муҳимдир. Президент Байден ҳам, давлат котиби Блинкен ҳам томонларнинг тинчликка эришишга ва узоқ вақтдан бери эришилмаётган „Икки халқ учун икки давлат“ режасини амалга ошириш устида ишлашидан манфаатдор», — деди USAID раҳбари.

Qalampir.uz нашри журналисти Ғарб давлатлари Россия билан муносабатлари туфайли Марказий Осиё давлатларига нисбатан санкциялар жорий этгани каби АҚШ Ўзбекистондан Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарода томонлардан бирини танлашни талаб қилиш-қилмаслигини сўради. Саволга жавоб бераркан, Саманта Пауэр АҚШнинг ҳар иккала можаро бўйича позициясини эслатиб ўтди.

украина, россия, фаластин, исроил, саманта пауэр, ақш, ғазо сектори

«АҚШнинг Яқин Шарқдаги позицияси шундан иборатки, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, чунки бундай масштабдаги ва вайронагарчиликка олиб келган ҳужумга учраган ҳар қандай давлат буни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас, балки бунга мажбурдир. Аммо президент [Байден] айтганидек, бу кураш қандай олиб борилиши катта аҳамиятга эга ва Фаластин халқи, оддий аҳоли ҲАМАСнинг шафқатсизлиги учун товон тўламаслиги керак. Ахир Фаластин халқи, шу жумладан, Ғазо аҳолиси, уларнинг аксарияти тирик қалқон ёки ҲАМАС террорчилари туфайли хавф остида, кўп ҳолларда ўзлари ҲАМАСнинг шафқатсизлиги қурбонига айланмоқда», — деди Саманта Пауэр.

У, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралашга чақириш халқаро ҳуқуқ томонидан белгиланишини таъкидлади.

«БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси қўшни давлатга бостириб кириб, Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда, минглаб украиналик болаларни ўғирлаб, уларни ота-онасидан айириб, Россияга олиб кетмоқда. Шунингдек, рус босқинчилари қўлидаги одамлар мунтазам равишда жинсий зўравонлик ва қийноққа солинмоқда. Юқорида айтиб ўтганларимдан келиб чиқсак, АҚШ давлатларни бундай шафқатсизлик ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишини қоралаши ва мамлакатларни Россия Федерацияси томонида бўлмасликка чақириши, оммавий тарзда ёки ёпиқ эшиклар ортида бундай ҳаракатлардан чуқур ташвиш ва хавотир билдиришга ундашига ҳайрон бўлмаслик керак, деб ўйлайман», — деди у.

Шу билан бирга, USAID раҳбари барча мустақил давлатлар бу борада ўз қарорларини қабул қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

«Ҳар бир суверен давлат ўз географияси, тарихи, қадриятлари ва ўз манфаатларини қандай мувозанатда ушлаши бўйича ўзи қарор қабул қилади. Биз ҳаммамиз бошқа давлатлар бизга ҳужум қила олмаслигидан манфаатдормиз. Албатта, ҳар бир суверен мамлакат ва ҳар бир суверен халқ ушбу тамойиллар тўпламини қандай мувозанатда ушлаши бўйича ўзи қарор қабул қилиши керак. Аммо АҚШ ҳеч қачон оғишмайди, саволда айтилгани каби „талаб қилмайди“, балки суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишни ёқлайди. Биз Яқин Шарқда шундай қиляпмиз ва бу тамойилларни бузаётган Россияга нисбатан шуни талаб қилмоқдамиз», — деди у.

Аввалроқ «Газета.uz» Саманта Пауэр Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини «янги умидлар ва имкониятлар дунёси» деб атагани ҳақида хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, у АҚШ президентининг «ушбу муҳим минтақа мамлакатлари ва халқлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш» илтимоси билан келган. USAID раҳбари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларига савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва дезинформацияга қарши курашиш учун 14,3 миллион доллар ажратилишини маълум қилган.