АҚШнинг 41 та штати ва Колумбия округи ўсмирлар ва болалар аудиториясини имкон қадар кучлироқ жалб қилиш учун функциялардан қасддан фойдалангани учун Facebook ва Instagram`га эгалик қилувчи Meta корпорациясини судга берди, деб ёзмоқда New York Times.

33 та штат Калифорния Шимолий округи бўйича АҚШ округ судига қўшма даъвони киритган бўлса, Колумбия округи ва яна саккизта штат ҳукуматлари асосан бир хил тезис ва айбловларни ўз ичига олган алоҳида даъволарни қўзғатди, дея аниқлик киритади нашр.

Штатлар ўз даъволарида Meta`ни «ёш фойдаланувчилар орасида компульсив (мажбурловчи — тарж.) ва узоқ муддатли фойдаланишга ундаш учун маҳсулотнинг психологик манипулятив функцияларини ишлаб чиқишда» айблади. Компания, даъволард айтилишича, Facebook ва Instagram`нинг «чексиз айлантириш» функциясини ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга қайтишини таъминловчи доимий билдиришномаларни жорий этиш орқали одамларни қасддан заҳарли ва зарарли контентларнинг «қуён туйнуклари»га тортади.

Бундан ташқари, корпорация АҚШнинг Болаларнинг онлайн махфийлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунини бузганликда, улар ҳақидаги маълумотларни ота-она рухсатисиз йиғишда айбланмоқда, деб ёзади газета.

«Meta кучли ва мисли кўрилмаган технологиядан ёшлар ва ўсмирларни ўзига жалб қилиш ва охир-оқибат тузоққа тушириш учун фойдаланган, — дейилади штатларнинг 233 саҳифалик шикоятида. — Ва унинг мақсади — моддий манфаатдир.»

Суд даъволарида, шунингдек, компания ўз ижтимоий тармоқларини 13 ёшгача бўлган болаларга реклама қилишда давом этаётгани келтирилади, бу эса ҳам Meta`нинг ўз қоидалари, ҳам АҚШ федерал қонунлари билан тақиқланган, дея аниқлик киритади Wall Street Journal (WSJ).

Даъвогарлар, шунингдек, Meta компаниясининг ички текширувини эсладилар, шундан келиб чиқадики, компания Instagram`нинг ўсмирларга таъсиридан хабардор бўлган: бу қарамликка олиб келади, қизларда эса ўз ташқи кўринишини идрок этишда муаммоларга олиб келиши мумкин.

WSJ вазиятдан хабардор манбаларига таяниб Meta низони ҳал қилишга урингани, бироқ музокаралар муваффақиятсиз якунланганини маълум қилди.

«Биз барча соҳалардаги компаниялар билан биргаликда ўсмирлар фойдаланадиган кўплаб иловалар учун аниқ, ёшга мос стандартларни яратиш ўрнига бош прокурорлар бу йўлни танлаганидан хафамиз», — дейилади Meta баёнотида.