Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

У 24 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган C5+1 форматидаги (Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ) ривожланиш масалалари бўйича вазирлар йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.

Ўзбекистонда USAID билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, таълим, «яшил» энергетика, агробизнес ва бошқа йўналишларда бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилгани ва давом эттирилаётганини таъкидланди.

Суҳбат чоғида 2023 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида бўлиб ўтган «С5+1» форматидаги давлат раҳбарлари саммитида эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.

«Сиёсий ислоҳотлар иқтисодий ислоҳотлар билан бирга бўлиши керак»

usaid, саманта пауэр

Саманта Пауэр музокаралар якуни бўйича берган баёнотида Шавкат Мирзиёев билан учрашув «узоқ ва самарали» бўлганини ҳамда USAID ва АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигига оид кенг кўламли масалаларни қамраб олганини таъкидлади.

Аввалроқ Тошкентда Саманта Пауэр USAID Ўзбекистонга сил касаллиги (3,2 миллион доллар), эпидемия ва пандемия хавфи (4 миллион доллар), бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш (3,5 миллион доллар) ҳамда масъулиятли ва самарали маҳаллий бошқарувни яхшилаш (3,5 миллион доллар) учун Ўзбекистонга 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилишини эълон қилган эди. Бундан ташқари, мамлакатда инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича янги дастурнинг биринчи йили учун 4,5 миллион доллар ажратилмоқда.

Бу масалалардан ташқари, «[Ўзбекистон] президенти олиб бораётган иқтисодий ислоҳотлар ва коррупцияга қарши курашга мос келадиган кенг кун тартиби муҳокама қилинди», — деди Америка агентлиги раҳбари.

«Биз иқтисодий ислоҳотлар билан бирга олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларнинг аҳамиятини муҳокама қилдик. АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг келажаги ҳақида ҳам гаплашдик, биз буни жуда ёрқин деб ҳисоблаймиз», — деди Саманта Пауэр.

Унинг фикрича, «икки давлат ўртасидаги муносабатлар аввал ҳеч қачон бунчалик мустаҳкам бўлмаган» ва «ҳар куни мустаҳкамланиб бормоқда».

«Ўзбекистон президентининг устувор йўналишларидан бири, албатта, минтақавий алоқаларни таъминлаш бўлиб, USAID минтақавий даражада қўллаб-қувватлашга интилган транспорт инфратузилмаси ва рақамли алоқа мавжуд бўлса, ёшлар учун кўпроқ иш ўринларини яратиш имконини беради», — деди АҚШ ҳукумат агентлиги раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Самарқандда минтақадаги беш мамлакат савдо вазирлари билан АҚШнинг ушбу масалаларда қўллаб-қувватлаши муҳокама қилинади.

Саманта Пауэр Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашувда. Фото: twitter.com/PowerUSAID.Саманта Пауэр Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашувда. Фото: twitter.com/PowerUSAID.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қандай баҳолайсиз, деган саволга Саманта Пауэр шундай жавоб берди: «Менимча, сўнгги беш-олти йил ичида кўплаб соҳаларда бундан олдинги кўп йилларга қараганда кўпроқ ислоҳотлар амалга оширилди, деб айтиш тўғри бўлади».

«Одам савдосига қарши махсус ислоҳотлар ва одамлар кўп йиллардан бери кутган гендерга асосланган зўравонликка қарши қонун бу ислоҳотларнинг фақат иккита мисолидир», — деди у.

Шу билан бирга, «биз ва [Ўзбекистон президенти] сармоя киритиш йўлида бюрократиянинг камроқ тўсиқ бўлишини хоҳлаймиз».

«Ижтимоий хизматларни соддалаштириш, рақамлаштириш соҳасида, чуқур бюрократизация деб аташимиз мумкин бўлган соҳаларда ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш мумкин. Биз АҚШда ҳам бу борада ишлаяпмиз», — дейди Саманта Пауэр.

«Президентнинг конструктив мухолифатга, эркин матбуотга содиқлигини, коррупция қарши қилинаётган ишларни кўриб, бу соҳаларда ҳам ривожланишни кутяпмиз», — дея хулоса қилди USAID раҳбари.

Саманта Пауэр 2021-йил май ойида USAID раҳбари бўлди. У бир вақтнинг ўзида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритган USAIDнинг биринчи раҳбари бўлди. Илгари у АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили (2013−2017), Президент Барак Обаманинг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг кўп томонлама ишлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича катта директори (2009−2013) бўлган. У ўз фаолиятини уруш мухбири сифатида бошлаган, бир нечта китоблар муаллифи ва Пулицер мукофоти совриндори. Time журнали уни 100 та энг нуфузли инсонлар рўйхатига ва Forbes уни сайёрадаги 100 та энг нуфузли аёл қаторига киритган.