АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр 23 октябрь куни Тошкентдаги мактабга ташриф буюрди ва у ерда ўқиш, материаллар сифатини яхшилаш ва ўқувчиларни мактабда муваффақиятга эришишда қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусни эълон қилди. USAID матбуот хизматига кўра, Қўшма Штатлар дастурнинг биринчи йилидаги тадбирлар учун 4,5 миллион доллар ажратмоқда.

Янги ташаббус ҳукумат, ўқитувчилар, ота-оналар, ногиронлиги бор шахслар ва фуқаролик жамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, бешинчи синфгача ўқувчиларга самарали ўқишга ёрдам берадиган илмий асосланган ўқитиш ва инклюзив таълим амалиётларини синовдан ўтказиш ва кенгайтириш учун мўлжалланган.

Янги дастур инклюзив таълим тамойилларини интеграциялаш мақсадида ўқув дастурлари материалларини қайта кўриб чиқишга, кенг кўламли таълим эҳтиёжларини янада қўллаб-қувватлаш учун ўқитувчилар, мактаб раҳбарлари ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган.

Дастур бутун мамлакат бўйлаб инклюзив таълимни ривожлантиришга кўмаклашувчи сиёсат, тартиб ва амалиётларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи.

Сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган «C5+1» йиғилишида АҚШ президенти Жо Байден «C5+1» мамлакатларида барча соҳаларда ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини кенгайтириш ташаббусини эълон қилганди. Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилгача мамлакат мактабларининг камида 51 фоизини инклюзивликка эришишни мақсад қилган. Янги дастур инклюзив таълим тизимига асос солади ва ёш ўрганувчилар, жумладан, ногиронлиги бор болаларнинг асосий кўникмаларини оширади, дейилади хабарда.

АҚШ агентлиги кўп йиллардан буён Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан инглиз тили, ахборот-коммуникация технологиялари, ўқиш ва математика каби асосий фанлар бўйича ўқитишни такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2019 йилдан бери АҚШ USAID орқали Ўзбекистонда таълим имкониятларини қўллаб-қувватлаш учун жами 40 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

«Инклюзив таълим тизими барча болаларга ўз эҳтиёжларини қондирадиган муҳитда ўқиш ва ривожланиш имконини беради. USAID Ўзбекистондаги ҳар бир талаба учун инклюзив, сифатли ва тенг ҳуқуқли таълимни таъминлаш учун ҳамкорларимиз билан бирга ишлашга интилади. Бу пировардида барча болаларга бир кун келиб жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишлари ва Ўзбекистон келажагига ҳисса қўшишлари учун зарур бўлган асосий кўникмаларни беради», — дейилади баёнотда.

«Газета.uz» аввалроқ Тошкентга ташриф буюрган USAID администратори Саманта Пауэр Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилгани ҳақида ёзганди. Бу пуллар силга қарши курашишга (3,2 миллион доллар), эпидемия ва пандемия таҳдидига қарши курашга (4 миллион доллар), хусусий секторни мустаҳкамлашга (3,5 миллион доллар) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва самарадорлигини оширишга (3,5 миллион доллар) йўналтирилади.