АҚШнинг Ўзбекистон халқи билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш мақсадида 23 октбярь куни АҚШ Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр Тошкентга келди, деб хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ташриф давомида у глобал соғлиқни сақлаш, бошқарув ва иқтисодий ўсиш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча 14,2 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

Дипломатик миссия маълумотларига кўра, ушбу қўшимча маблағ эвазига АҚШ USAID орқали қуйидаги дастурлар устида иш олиб боради.

Силга қарши кураш

«Ўзбекистон дори-дармонга чидамли сил касаллигининг юқори даражадалиги билан курашиб келмоқда», — дейилади элчихона хабарида.

USAID беш йиллик ташаббус саналган «Силдан холи Ўзбекистон» дастурини ишга тушириб, у орқали кенг қамровли қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш ва мамлакат бўйлаб силга қарши асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида қўшимча 3,2 миллион доллар сармоя киритади.

«Силдан холи Ўзбекистон» дастури касаллик юқишининг олдини олиш ва аниқлаш, даволашни бошлаш, сил касаллигининг стигмасини камайтириш, шунингдек, ахборот тизимлари ва молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни илгари суришда ёрдам беради. 2002 йилдан бери Ўзбекистоннинг силга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 60 миллион доллар сармоя киритган.

Эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш

USAID глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилади.

«4 миллион долларлик сармоя Ўзбекистоннинг келажакдаги таҳдидлар, эпидемиялар ва пандемияларга чидамлилигини ошириш учун энг яхши тажриба ва USAID-19 чора-тадбирларидан олинган сабоқларга йўналтирилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу маблағ Ўзбекистонга лаборатория ва кузатув тизимларини фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини, хавф-хатарлар чоғида алоқа боғлаш ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш имконини бериши таъкидланди.

Бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш

USAID Ўзбекистон иқтисодиётини туризм, ахборот-коммуникация технологиялари ва яшил иқтисодиёт каби мақсадли тармоқларга мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллар сармоя киритмоқда. Ушбу дастур иш ўринлари яратиш, иқтисодий инклюзивликни яхшилаш, кичик ва ўрта корхоналар учун экспорт бозорларини ривожлантириш ва капитални жалб қилишга ёрдам беради.

USAID аёллар, ёшлар ва ногиронлар учун шахсий бизнесни бошлаш ва юритишда қийинчилик туғдирувчи институционал, ҳуқуқий ва иқтисодий тўсиқларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, USAID ўзбек бизнесларига электрон тижорат ва савдони яхшилаши мумкин бўлган Америка технологияларини ўзлаштиришда ёрдам беради.

Масъулиятли ва самарали маҳаллий бошқарув

«Ўзбекистон-2030» стратегиясини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳамда Конгресс билан ҳамкорликда USAID янги маҳаллий бошқарув дастури орқали Ўзбекистонда вилоят ва маҳаллий бошқарувни кучайтириш учун 3,5 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.

Бу орқали USAID вилоят ва маҳаллий ҳокимиятлар янада эътиборли, халқ билан биргаликда ишловчи ва масъулиятли бўлиши ҳамда ўзбек халқига давлат хизматларини яхшироқ кўрсатиш имкониятига эга бўлишини кўзлайди. Ушбу ташаббус доирасида миллий ва маҳаллий ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетлари ва харажатларида шаффофликни ошириш, давлат амалдорларини янги мажбуриятларни бажаришга ўргатиш, фуқаролар ва жамоаларни маҳаллий ҳукуматлар фаолиятини назорат қилишлари ва ўз эҳтиёжларини қондирадиган давлат хизматларини тарғиб қилишлари учун зарур бўлган воситалар, кўникма ва ресурслар билан таъминлаш мақсад қилинади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

USAID, шунингдек, децентрализация ва маҳаллий бошқарув бўйича маълумотларга асосланган миллий сиёсат ва қонунчиликни ишлаб чиқишда ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.