Ўзбекистон Марказий банки микроқарзлар лимитини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Регулятор жисмоний шахсларга бериладиган микроқарзларнинг максимал миқдорини 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширишни таклиф қилмоқда. Охирги марта бу миқдор 2019 йилда оширилганди — бунгача микроқарзлар энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача (ҳозирги курс бўйича бу 33 млн сўм) ажратиларди.

Марказий банкнинг қайд этишича, бугунги кунда аҳолининг микромолиявий хизматларга бўлган талаби ошиб бораётгани уларнинг мазкур хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни қулайлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Регулятор лимитнинг 100 млн сўмга оширилиши натижасида аҳолининг фаол қисми микромолия хизматларидан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, тадбиркор бўлишини кутмоқда.

Қонун лойиҳасининг қўшимча қилинган таҳлилий материалда хорижий давлатлар тажрибаси санаб ўтилган. Россияда микроқарзнинг максимал миқдори жисмоний шахслар учун 500 минг рубль (61 миллион сўм), юридик шахслар учун эса 5 млн рубль (610 млн сўм)ни ташкил этади. Қозоғистонда ломбардлар жисмоний шахсларга ҳар бир қарз олувчи учун ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 8 минг бараваригача (717 млн сўм) миқдорда, микромолия ташкилотлари эса жисмоний ва юридик шахсларга ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 20 минг бараваригача (1,79 млрд сўм) миқдорида гаров эвазига микрокредитлар беради.

Беларусда микромолия ташкилотлари учун сумма базавий миқдорнинг 15 минг баравари (2,65 млрд сўм), Грузияда — 50 минг лари (230 млн сўм), Руминияда — 25 минг евро (330 млн сўм)ни ташкил этади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 169 та нобанк кредит ташкилоти, жумладан, 85 та микромолия ташкилоти ва 84 та ломбард фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг олти ойида улар томонидан 3,35 трлн сўмлик (микрокредит ташкилотлари — 2,56 трлн сўм, ломбардлар — 794 млрд сўм) хизматлар кўрсатилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоиз ёки 1,22 трлн сўмга кўп ҳисобланади. Бу даврда банклар томонидан 12,9 трлн сўм миқдоридаги микрокредитлар ажратилганди.

Эътиборлиси, ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги (336-сон) қарорининг 4-банди ижроси доирасида ишлаб чиқилган ва у қарор жамоатчилик учун очиқ эмас. Яъни «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) шаклида қабул қилинган.

Молиячи Отабек Бакиров лойиҳада бошқа давлатлар тажрибаси келтирилгани, бироқ Қозоғистон, Грузия ва Руминиядаги аҳоли даромадлари Ўзбекистонникидан 3−8 баробар юқори эканини таъкидлади.

«Нега биздан каррасига бой давлатлар лимитларини қабул қилишимиз керак? Нега масалан Ўзбекистон каби қашшоқ Қирғизистон, Бангладеш ё Молдова реалликлари мисол келтирилмаган?» — дея савол берган у.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳада муаммоли микроқарзлар динамикаси ва фоиз ставкалари (NPL) бўйича таҳлилий маълумотлар келтирилмаган, бу эса лимитни ошириш учун муҳим омил бўлиши керак.

«Микроқарз банк маҳсулоти сифатида бозорга чиқарилган 2018 йилдан буён ўртача иш ҳақи расман 2,7 баробарга ошган. 2018 йилда микроқарзнинг энг кўп миқдори 22,3 млн сўм эди. Лойиҳа маъқулланса, микроқарзнинг энг кўп миқдори 2018 йилга нисбатан 4,5 баробарга ошган бўлади. Бошқача айтганда, 2018 йилда энг кўп микроқарз суммасини 13 та ўртача ойлик билан ёпиш мумкин бўлган бўлса, энди 23 та ўртача ойлик билан ёпиш мумкин бўлади. Хатар даражасини қандай даражада оширилаётганини тасаввур этяпсизми?» — деди Бакиров.

Молиячи микроқарзлар амалда кўпинча банк ва нобанк маҳсулотлар орқали янги қарзлар эвазига қопланишини қўшимча қилган.