Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни йиғилиш ўтказди, унда боғ ва ток қатор ораларига экин экиш тадбирларига тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 331 минг гектар боғ ва 153 минг гектар токзор бор. Уларда қатор ораларидаги ерларга пиёз, саримсоқ, сабзи, баҳор ойларида ерёнғоқ, картошка, помидор ва бодринг экилса, бозорларимизга қўшимча маҳсулот, аҳолига даромад бўлади, дейилади хабарда.

Йил якунигача 92 минг гектарга тўқсонбости усулида сабзавотлар экиш, бунга уруғлик ва сув етказиб бериш чора-тадбирлари белгиланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари иқлимга мос экин турлари, агротехникаси бўйича илмий тавсиялар бериб боради.

Президент белгиланган чора-тадбирлар сув хўжалиги соҳасининг барқарор ишлаши ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга, пировардида халқ фаровонлигини оширишга қаратилгани қайд этди.

Шавкат Мирзиёев аввал ҳам бир неча бор боғ ва узумзорларнинг қатор ораларига экин экиш муҳимлигига эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 12 апрелдаги қарори билан Ўзбекистонда фермер хўжаликлари далалари четлари бўйлаб фойдаланилмаётган қарийб 60 минг гектар ердан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, парранда боқиш ва асалари уяси жойлаштириш айтилганди.