Ўзбекистон Адвокатлар палатаси адвокатлар фаолиятига бир қатор чекловлар киритишни назарда тутувчи янгиланган «Адвокатнинг касб этикаси қоидалари» лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатни адвокат Саидали Мухторалиев эълон қилди. Лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ёки палатанинг сайтида мавжуд эмас. Амалдаги қоидалар 2013 йил сентябрь ойида қабул қилинган.

Масалан, лойиҳанинг таклиф этилаётган 55-бандига кўра, «Адвокат оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилмаслик, уларга нисбатан ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслиги лозим».

Палатанинг мазкур банд учун берган изоҳида қайд этилишича, «адвокатлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол ва бу фаоллик аксарият ҳолларда ҳокимият вакилларининг қонуний хатти-ҳаракталарини танқидий мухокама қилиш, фуқароларда давлатга ва амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик ҳолатини келтириб чиқариш ҳам учрамоқда».

«Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боисдан, уларнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хулқ-атвор қоидаларини белгилаб бериш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари мазкур қоидалар Белорус Республикасида Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларининг 65-бандида, Францияда Адвокатларнинг касб этика кодекснинг 19-бандида ҳам назарда тутилган», — дейилади тушунтириш хатида.

«Газета.uz» ушбу мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқди, бироқ Франциянинг Адвокатлар ахлоқ кодексининг 19-бандида фақатгина адвокат тўғридан-тўғри ёки билвосита ёлғон ёки ёлғон бўлиши мумкин бўлган ёхуд кимгадир буни амалга оширишга ёрдам бериши мумкин бўлган ёзма матнлар ёки изоҳларни бевосита ёки билвосита нашр этмаслиги лозим, дейилади.

Беларусия адвокатлар касбий этика қоидаларининг 65-бандида айтилишича, адвокатлар аниқ ва ишончли маълумотларни ОАВга тақдим этиши, Интернетда тарқатишга (шу жумладан изоҳ ва баҳолар бериш) ҳақли. ОАВ вакили билан мулоқот қилаётган адвокат унинг сўзлари оммавий аудиторияда нотўғри кўринишда талқин қилинмаслиги учун зарур чораларни кўриши лозим.

«Адвокат давлат органининг мансабдор шахси ноқонуний ҳаракат қилса ҳам, у ҳақида ОАВда ёки ижтимоий тармоқда лом-мим деёлмас экан. Булар адвокатни сўз ва фикр эркинлигидан маҳрум қилиб, адвокатура соҳасини жарликка улоқтирмоқчи. Даҳшат!!!» — деб ёзди юрист Саидали Мухторалиев.

Унинг таъкидлашича, мазкур қоидалар қабул қилинса, «адвокатура қўпол қилиб айтганда «ўлади». Шунингдек, у янги тузатишлар Конституциянинг 33-моддасидаги «ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга», «ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга» деган нормага зид, деган фикрда.

«Давлат аппаратининг қайсидир механизмида ислоҳот нотўғри қўлланилса, ёки ислоҳотнинг ўзи хато бўлса, буни танқид қилишга ҳаққи бор адвокатнинг. Бошқа одамлар каби. Энди, тасаввур қилинг. Адвокат масалан, қайсидир қонун, фармон ёки қарорга қўшилмаса ва ўз қарши фикрини асослантириб материал жойлаштирса, булар жорий қиладиган этика қоидасини бузган бўлади. Ва натижада «Адвокатура тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига асосан этика қоидаларини бузганлигим учун унинг адвокатлик лицензияси бекор қилинади», — деб ёзди у.

Адвокат, шунингдек, палатанинг адвокатларнинг фикр-мулоҳазалари ноқонуний митинглар уюштиришга олиб келиши ҳақидаги баёнотини ёлғон деб ҳисоблайди.

Адвокат Аллан Пашковский «Газета.uz»га Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига (АКЭҚ) киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришлар «юмшоқ қилиб айтганда, қуйидаги бир қатор сабабларга кўра йўл қўйиб бўлмайдиган, қонунга зид, адвокат мақомининг моҳиятига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид» деб ҳисоблашини маълум қилди.

«АКЭҚга таклиф қилинаётган қўшимчалар уларга амал қилиш зиммасига юклатилаётган барча адвокатлар иштирокида ишлаб чиқилмади ва муҳокама қилинмади. АКЭҚга қўшимчаларни ишлаб чиқишда шаффофлик йўқ, яъни хаёлига шундай „ажойиб“ ғоя келиб қолган номаълум „қаҳрамон“ қисмида», — деди у.

Адвокат, шунингдек, ушбу қоидалар янги Конституциянинг 33-моддасига зид экани, шу боисдан ҳам «улар Конституциявий суд томонидан мамлакат Конституциясига мувофиқлиги ёки унга зидлиги (улар қабул қилинган тақдирда) нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши процессуал зарурат» эканини таъкидлади.

Аллан Пашковский ҳам қоидаларга таклиф этилаётган қўшимчалар билан адвокатлик институтини «ниҳоят адвокатларнинг ўзлари (маълум бир қисми) қўллари билан ўлдиради, фақат адвокатларнинг оғзини скотч билан елимлаш, қўлларига эса кишан тақиш қолади». Шу билан бирга, адвокатларнинг давлатдан тўлиқ мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазият ҳал этилмаганлигича қолмоқда, деди у.

«Мамлакат адвокатларидан бири сифатида, Тошкент шаҳри адвокатлар делегатлари аъзоси сифатида, мен махсус процессуал мақомли инсон ва фуқаро сифатида адвокат эркинлигини чеклашга қаратилган АКЭҚга таклиф этилаётган бундай қўшимчаларга мутлақо қаршиман ва бундай таклифларни ўта номақбул деб ҳисоблайман», — деди у.

Аллан Пашковский ўзининг яқинда «Газета.uz» учун колонкасида Ўзбекистонда адвокатлик соҳаси муаммоларига, жумладан, давлатдан мустақил бўлмаслик, қонунчилик ташаббусининг йўқлигига эътибор қаратган эди. Шунингдек, у Адвокатлар палатасининг амалдаги иш механизмлари номукаммаллигини қайд этди.

Адвокат БАҳодир Аҳмедов кимнингдир нотўғри фикри учун ноқонуний митинг ўтказилган бўлса, бунинг учун шусиз ҳам жавобгарлик борлигини қайд этди.

«Лекин буни деб бошқа асосли танқидлар билан ўз фаол жамоатчилик позициясини билдириб келаётган адвокатлар ҳам куйиб қолмаслиги керак-ку. Агар бу лойиҳа ўтиб кетса, Алим Эрназаров (Адвокатлар палатасининг ҳозирги раҳбари — таҳр.) номи адвокатларнинг душмани бўлган раис сифатида тарихда қолади. Бундай номда эсланишдан Худо сақласин. Палата адвокатларнинг ҳуқуқларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилувчи, адвокатларга тиргак бўлувчи ташкилот бўлиши лозим. Душманлик қилувчи эмас», — деб ёзди у.

Юристнинг фикрича, Адлия вазирлиги ҳам ушбу лойиҳага изоҳ бериши керак, чунки бу Ўзбекистоннинг бутун суд тизимига таъсир кўрсатади.

Палатанинг муносабати

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раҳбарияти душанба куни кечқурун Авокатнинг касб этика Қоидаларини янги 55 банд билан тўлдириш юзасидан таклиф этилган матн билан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раҳбарияти нафақат келишмаслигини, балки қатъий қарши эканлигини ва бундай бўлмаслигини билдирди.

«Шу билан бирга, адвокатларимиздан Адвокатнинг касб этика Қоидалари юзасидан ўз таклифларини ёзма равишда Адвокатлар палатасига етказишларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

«Лойиҳада бошқа асоссиз бандлар ҳам мавжуд»

Адвокат Саидали Мухторалиев Адвокатлар палатасининг баёноти уни қониқтирмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳужжат лойиҳасида саволлар нафақат 55-бандда, балки бошқа «асоссиз ва бир-биридан мантиқсиз бандлар ҳам мавжуд.

Масалан, 8-банддаги «…мижозларни йўлдан оздириши ёки ишнинг муваффақиятли натижаси учун асоссиз умидларни келтириб чиқариши мумкин бўлган баёнотлар, маслаҳатлар, ноаниқликлар бўлмаслиги керак» деганда нимани тушуниш керак? Ё бўлмасам, шу банддаги «адвокат ўзини ёки адвокатлик тузилмаси фаолиятини реклама қилиши мумкин эмас» деган қоида.

«Келинг, унда ҳамма адвокатлар ўз офиси тепасига осилган „адвокатлар“ деган ёзувни олиб ташласин. Бирор-бир фуқаро қаерда адвокатлар борлигини умуман билмасин».

Лойиҳанинг 19-бандида «ўз ҳамкасблари ва бошқа шахсларнинг касбий ва ишбилармонлик фазилатларини оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда чиқиш орқали танқидий муҳокама қилишга ҳақли эмас» деган қоида ҳам, Саидали Мухторалиевнинг фикрича, сўз ва фикр эркинлигига тамомила зид.

Лойиҳанинг 57-бандида «адвокат адвокат сўровини юборишда қонунчилик ҳужжатларида қайд этилган нормаларни тушунтириб беришни сўраб мурожаат қилиши мумкин эмас» дейилади.

«Кечирасиз, бирор-бир қонун ёки қонуности ҳужжатида чекланмаган „тушунтириш сўраш“ ҳуқуқини чеклашга нима ҳаққингиз бор сизларнинг? Демак, биргина мана шу нарсага эртага адвокатнинг лицензиясини бекор қиласизларми? Инсоф борми сизларда?» — деб ёзди у.

У 17 ноябрь куни бугунги маъмуриятнинг ваколат муддати тугаши ва 18 ноябрь кунидан палатага янги раҳбарият сайланиши кераклигини маълум қилди. Юристнинг фикрича, адвокатуранинг эртанги тақдирини ҳал қиладиган энг муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқилишини бугунги маъмуриятга қолдириш жуда катта хато. Аввал янги раҳбарият сайлансин, улар жамоатчилик ва адвокатларга ўз режалари ҳамда стратегиясини эълон қилсин. Ана шундан кейин, адвокатурага оид зарурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ишлари бошланса тўғри бўлади.