ҲАМАСнинг Исроилга уюштирган ҳужумлари ортидан ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён илк марта 21 октябрь куни 20 та юк машинасидан иборат гуманитар карвон Ғазо секторига етиб келди. Улар Миср билан чегарадаги Рафаҳ пункти орқали ўтган, деб хабар бермоқда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ахборот хизмати.

Ғазоликлар учун асосий озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар Миср Қизил Ярим Ой жамияти ва БМТ агентликлари томонидан тақдим этилган. Товарлар БМТ кўмагида Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти ходимлари томонидан қабул қилинган.

Юкнинг бир қисми сифатида ЮНИСЕФ 44 минг шишадан ортиқ ичимлик суви етказиб берган — бу 1 кунга атиги 22 минг кишига етади.

БМТнинг Фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитснинг айтишича, биринчи ёрдам етказилиши Ғазо аҳолисини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва ёқилғи каби зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш учун доимий ва хавфсиз йўл очилишига имкон беради. Айни дамда Исроил ёқилғи етказиб беришга рухсат бермаяпти.

Ёрдамни етказиб бериш барча манфаатдор томонлар билан бир қанча кунлик интенсив музокаралар натижасида амалга оширилган. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Мисрга, жумладан, Синай ярим ороли шимолидаги Рафа — Ғазо билан ягона очиқ чегара ўтиш пунктига ташриф буюрган.

«Биринчи сув захиралари чекланган миқдорда бўлса ҳам, ҳаётни сақлаб қолади, аммо сувга, озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон, зарур товарлар ва хизматларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Агар биз инсонпарварлик ёрдамини таъминлай олмасак, ҳаётга хавф туғдирувчи касалликлар тарқалишининг ҳақиқий таҳдидига дуч келамиз», — деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазодаги шифохоналар ярадорлар ҳамда бошқа беморларни даволаш учун зарур бўлган дори-дармон ва тиббий буюмлар танқислиги туфайли жуда муҳим нуқтага етганини маълум қилди.

Икки ҳафтадан буён давом этган ҳаракатлар Ғазо инфратузилмасининг кўп қисмини, жумладан, сув ва канализация тизимларини вайронага айлантирган. Ҳозирда Ғазонинг сув таъминоти одатдаги сув ҳажмининг атиги 5 фоизини ташкил қилади ва 2,3 миллионга яқин ғазолик кунига бир киши учун 3 литр сув олади.

бмт, ғазо
Фото: БМТ/ Эскиндер Дебебе.

БМТ раҳбари Антониу Гутерриш шанба куни Қоҳира Тинчлик саммитида сўзлаган нутқида Ғазога зудлик билан чекловсиз ва узлуксиз инсонпарварлик ёрдами етказилишини, ҲАМАС томонидан гаровга олинган барча одамларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишни, шунингдек, зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСнинг тинч аҳолига қарши уюштирган ҳужумлари ва террорчилик ҳаракатларини ҳеч нарса оқлай олмайди. Антониу Гутерриш тинч аҳолини ҳимоя қилиш, шифохоналар, мактаблар ва БМТ муассасаларига ҳужумлардан тийилишни ўз ичига олган халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлади.

У, шунингдек, «ҳақиқий тинчлик ва барқарорликнинг ягона реал асоси», яъни исроилликлар ва фаластинликлар учун икки давлат ечимини эътибордан четда қолдирмасликка чақирди. «Ҳаракат қилиш вақти келди. Бу даҳшатли тушни тугатиш учун ҳаракат қилинг. Фаластин, Исроил, минтақа ва дунё болалари орзу қилган келажакни қуриш учун ҳаракат қилинг», — деди у.