Фарғона вилоятида катта миқдордаги смартфонлар контрабандасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда вилоят Божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона-Тошкент йўналишида ҳаракатланган Cobalt автомашинаси Наманган вилояти билан чегарада тўхтатилган.

Машина салони ва юкхонасидан хориждан олиб келинган 24 турдаги 550 га яқин (дастлабки ҳисоб-китобга кўра) 5 млрд 788 млн сўмлик смартфонлар топилган. Бироқ уларнинг божхона расмийлаштируви бўйича ҳужжатлар бўлмаган.

Божхона қўмитаси матбуот хизматининг аниқлик киритишича, смартфонлар орасида Iphone 15 Pro, Iphone 15 Pro Max, Samsung Galaxy S23 Ultra, Samsung Galaxy S23 FE каби русумдагилар бўлган. Баъзи қурилмалар орқа ўриндиқ ва багаж ўртасидаги бўшлиққа яширилган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.