18 октябрь куни Troll.uz каналида Тошкент-Андижон йўловчи поездида жойини алмаштириш учун вагон кузатувчисига 100 минг сўм берган турк сайёҳининг видеоси тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» ҳолат бўйича ўрганиш олиб борди, бироқ айбдор ходимни аниқлай олмаганини маълум қилди.

Сайёҳ видеода пул эвазига жойини яхшилаб беришганини, умрида биринчи марта пора берган ва бундан ўзини ғалати ҳис қилганини айтган.

«Ўзбекистон темир йўллари» унинг вагон тоифасини ўзгартирганлиги юзасидан тарқалган ҳолат бўйича ўрганиш олиб борганда керакли маълумотлар (қайси кун, қайси поезд, қайси вагон) видеороликда акс этмагани сабабли ҳолат ўз исботини топишини ва айбдор ходимни аниқлашнинг имконини тополмади.

«Ушбу жараёнда ОАВларида тарқатилаётган ҳар бир маълумот, фуқароларимизнинг ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонларимизнинг мамлакатимиз темир йўллари ҳақида салбий тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келади», — дейилади муносабатда.

Ташкилот юқоридаги ҳолатлар учраган тақдирда, зудлик билан жамиятнинг ишонч телефонига (+99871−299−94−50) қўнғироқ қилиш ёки @pastrans Telegram-манзилига мурожаат қилишни сўради.

Аввалроқ, жойни алмаштириш учун вагон кузатувчисига пул бериш ҳолати Traveltomtom номи билан танилган голландиялик саёҳатчи ва блогер Том Гронд билан ҳам содир бўлганди. Унинг ҳолат ҳақида гапирган видеосини 10 октябрь куни Troll.uz канали тарқатганди. Воқеа маълум бўлгач, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси поезд бошқарувчиси 10 июль куни ишдан бўшатилганини маълум қилди.