Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида ноқонуний ушлаб турилганлиги ҳамда уларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳолати Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан назоратга олинди. БУ ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати хабар қилди.

Қўшимча қилинишича, ҳолат икки давлат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳамкорликда ўрганилиши, айбдор шахсларга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Бундан ташқари, мазкур ҳолатдан жабрланган шахсларнинг шахсий ҳужжатларини қайтариб олиниши, зарур ҳолда қайта тикланиши, ватанига қайтарилиши, зарур тиббий, ижтимоий, психологик хизмат кўрсатилиши ҳамда уларнинг Ўзбекистонда иш билан таъминланиши Миллий комиссия томонидан қатъий назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни Қозоғистон полицияси Чимкентдаги ғишт заводларида ноқонуний равишда ушлаб турилган 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини меҳнат қуллигидан озод қилгани, завод эгалари эса қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фуқаролар билан суҳбат ўтказилгани, уларнинг асосий қисми паспорти қайтариб берилса, ватанга қайтиши ва иш берувчига эътирози йўқлигини билдирганини маълум қилди.