13 октябрдан кучга кирган қонунга кўра ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиши мумкин.

Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар беришича, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда экологик рейдлар ўтказишни бошлаган.

Бундай рейдлар давомида санитария ва экология соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ва қоидабузарлар аниқланмоқда. Шунингдек, чиқиндиларни нотўғри жойга ташлаб юборилишининг олдини олиш бўйича профилактика ишлари олиб борилиб, фуқаролар ва тадбиркорларга санитария-экологик қоидалар ва меъёрлар эслатилиб, жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар, Маданият ва туризм, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари, Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати ҳамкорлигида Tozalik қўшма лойиҳаси бошланди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларидаги кўчалар, боғ ва хиёбонлар, маҳаллаларда тозаликка эришишдан иборат, дея таъкидлади Миллий гвардия матбуот хизмати.

Лойиҳа ташаббускорларининг мақсади «ватандошлар онгига кўчалар тозалиги ва ўз соғлиғи ҳақида қайғуриш маданиятини шакллантириш ҳамда уларни дуч келган жойга чиқинди ташламасликка ўргатиш», дейилади хабарда.

«Мунтазам равишда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун миллий қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликни эслатиб турамиз ва ҳуқуқбузарларга нисбатан чора-тадбирлар кўрилгани ҳақида маълумот берамиз», — дейилади Миллий гвардия матбуот хизмати хабарида.

Санитария ва экология соҳасидаги қоидабузарликлар, масалан, чиқиндини нотўғри жойга ташлаш ҳолатлари ҳақида СЭС алоқа марказининг 1354 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкин. Бундан ташқари, Telegram`да санитария ва экология соҳасидаги қоидабузарликлар ҳақида фото ва видео материаллар илова қилган ҳолда хабар бериш учун @tozalik_murojaat_bot боти яратилди.

Бундан ташқари, санитария-эпидемиология хизматининг sanepid.uz сайтидаги «Бизга Мурожат йўлланг» бўлими орқали ҳам санитария ва экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, масалан, чиқиндини нотўғри жойга ташлаш тўғрисидаги маълумотлар билан мурожаат юбориш мумкин.