Қирғизистон ҳукумати хорижликларнинг «визаран» тизими ёрдамида соддалаштирилган киришини бекор қилди ва ўрнига «60/120» тамойили бўйича визасиз режим жорий қилди. Қонунчиликка 10 октябрь куни тегишли ўзгартиришлар киритилди, дея хабар бермоқда мамлакат ТИВ матбуот хизмати.

«Визаран» (инглиз тилида — visa run) — чет элликларнинг муайян бир давлат чегарасидан ташқарига чиқиб, яна унга қайтиб кирганларида мамлакатда қонуний қолиш муддатини узайтириш усули.

Янги қоидаларга кўра, чет эл фуқаролари Қирғизистонда кетма-кет 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қолиши, чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб 60 кундан кейин эса қайта кириши мумкин бўлади.

«Қирғизистонга 90 кунгача визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган фуқаролар учун муддатлар 90/180 тамойили бўйича ҳисобланади», — дея аниқлик киритди вазирлик.

Ташқи ишлар вазирлиги «визаран»ни бекор қилишдан мақсад «миграция оқимини янада самарали бошқаришни таъминлаш ва мамлакатнинг умумий хавфсизлигини яхшилаш»дан иборат эканлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг январь ойида Қозоғистонда ҳам «визаран» тизими бекор қилинган эди. Ўшанда мамлакат Ички ишлар вазирлиги ўзгартиришлар Қозоғистоннинг «одамлар миграция қонунчилигига риоя қилиши» учун киритилганини маълум қилганди.

Қирғизистон ва Қозоғистон ўтган йилнинг сентябрь ойида Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг россияликларнинг кетиш учун асосий йўналишлардан бирига айланди. 2022 йилда Қозоғистонга 2,9 млн, Қирғизистонга эса 450 мингга яқин россиялик кирди.