16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Мамлакатда ЮНВТО Бош ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва «Ипак йўли» тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди, дейилади хабарда.

ЮНВТО бош котиби президентга туризм соҳасининг 2023 йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирди. Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун, Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси 16−20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда. Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этмоқда.

Бош ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.