ҲАМАСнинг Исроил жанубидаги ҳужумлари натижасида беш нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Улар ўтган асрнинг 90-йилларида репатриация дастури бўйича Исроилга кўчиб келган ва Ўзбекистоннинг амалдаги паспортига эга бўлмаган.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси Исроил ТИВ ҳужумлар натижасида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ва яна тўрт нафарининг бедарак йўқолганлиги ҳақидаги хабарига жавобан мурожаатида айтилади.

Дипломатик миссия ўз хабарида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва полиция маълумотларига таянган.

Элчихона ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан «бўлиб ўтаётган воқеалар кўлами ва уруш ҳаракатлари ҳақида нотўғри қарашлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида маълумотларни чоп эттиришдан олдин уларни ишончли манбалардан, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Исроилдаги элчихонаси орқали қайта текширишни» сўради.

«Газета.uz» Исроил Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабарни чоп этишдан аввал изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланган эди. ТИВ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мурожаатини тарқатди.