Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Фарғона вилоятида содир бўлган воқеа натижасида контрабанда товарлар ва материаллар олиб ўтишда гумон қилинган икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати расмий хабар эълон қилди.

Унда айтилишича, 16 октябрга ўтар кечаси Водил қишлоғида хизмат қилаётган чегарачилар Бўстон маҳалласи ҳудудида маҳаллий аҳоли A. M. ва О. Ю. бўлган автомобиль тўхталганида салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.

Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, фуқаролар А. М. ва О. Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган.

«Натижада ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмаганлиги боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирганлар», — дейилади хабарда.

Огоҳлантиришга қарамай, фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларга қарши қурол қўлланган, улардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, дейилади хабарда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан текширув бошлади.