Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноят содир этганликда гумонланиб, 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

У жорий йилнинг 12 июнь куни «Қўқон Истиқлол» савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштиргани айтилмоқда.

Қўшимча равишда, блогер «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга урингани, ўзи томонидан тайёрланган «Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?» номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилгани иддао қилинмоқда.

Блогер «умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган», дейилади вилоят ИИБ ахборотида.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрида блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилган эди. У Фарғонадаги завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилгач, 7 ишчи ҳибсга олинганди. Шундан сўнг, блогер суд қарори устидан апелляция шикояти берганди.