11 март куни президент «Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда Тошкент шаҳрининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси иштирокида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳудудида қуввати 400 МВтли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватларини (100 МВт) 2023 йил якунига қадар ишга тушириш белгиланган.

Худди шу давр ичида China Gezhouba Group Investment Company Co.,Ltd (Хитой) компанияси иштирокида Юқори Чирчиқ туманида қуввати 700 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасининг биринчи босқичи қувватлари (100 МВт) ишга туширилади.

Қарор билан, шунингдек, 2023 йилда Тошкент шаҳри электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35−110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси тасдиқланди.

Унга кўра, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА [мегавольт-ампер] бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилади.

Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қуввати 179 МВАга оширилади. Жисмонан эскирган 7,5 километр узунликдаги 35 кВ ва 41,7 километр узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштирилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун жами 3,5 триллион сўм йўналтирилади. Жумладан, 566 миллиард сўм «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзавтосаноат» АЖнинг ўз маблағлари, 199 миллиард сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ўз маблағлари ҳамда 2,7 триллион сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маҳсулот кредитлари жалб қилинади.

2023−2025 йилларда Тошкент шаҳрининг паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастури доирасида жами 2 969,8 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 703 та трансформатор пункти, шу жумладан, 2023 йилда 903,3 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пункти янгиланади.

2023 йилда паст кучланишли трансформатор пунктлари ва кабель маҳсулотларини харид қилиш учун пойтахт ҳокимлиги томонидан «Ўзмиллийбанк» АЖдан 220 миллиард сўм миқдорида кредит жалб қилинади ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ учун белгиланган тартибда очиладиган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади. Шаҳар ҳокимлиги томонидан жалб қилинган кредит маблағлари 2024 йилдан бошлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан тегишли тармоқ жадвалига мувофиқ тўлаб берилади.