12 октябрь куни Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотида муқобил кўп тилли гуруҳлар очилди. Маросимда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамда UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде қатнашди.

Ўнта кўп тилли муқобил гуруҳ Термиз шаҳридан ташқари Термиз ва Музработ туманларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам очилди.

Бу UNICEF дастури асосида сурхондарёлик минглаб болаларни кенгайтирилган ва инклюзив таълим билан қамраб олиш мақсадида амалга оширилди. Унга Европа Иттифоқи 1,6 млн евро молиявий ёрдам кўрсатди. 35 мингга яқин болалар, ёшлар ва қийин аҳволда бўлган оилалар, жумладан, ушбу вилоятда яшаётган афғонистинликлар яхшиланган ижтимоий, жумладан, таълим соҳасидаги, хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлди, дейилади хабарда.

«Айни пайтда ёрдамга муҳтож оилаларнинг 400 нафардан ортиқ 3−6 ёшли фарзандлари, жумладан, вилоятда яшовчи афғон болалари кўп тилли муқобил гуруҳларга қатнай бошлади. Барча гуруҳлар сифатли мебель, ўйинчоқлар, ўқув материаллари, болалар кутубхонаси ва бошқа кўплаб ўқув қўлланмалари билан таъминланиб, болаларнинг билим олиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, жумладан, сув, санитария ва гигиена тизимлари билан бир қаторда, жаҳон даражасидаги тегишли илғор тажрибалар даражасида кўп тилли таълимнинг янги модели жорий этилди», дейилади ЮНИCЕФ хабарида.

Шунингдек, Шарлотта Адриан ва Мунир Мамедзаде дарсларни ўзлаштиришда орқада қолаётган ўқувчиларни, жумладан, Сурхондарё вилоятида яшовчи афғон болаларини ўқитиш ҳамда ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошираётган мактабга борди.

Ташкилот хабарига кўра, мактабга бормайдиган болаларга таълим тизими хизматларидан фойдаланиш имкони берилди. Дастур ижтимоий-эмоционал таълим бериш ва инклюзияга қаратилган. Натижада 210 нафардан ортиқ афғонистонлик бола Термиз мактабларидаги қўшимча дарсларда иштирок этиб, доимий кўмак олмоқда.

Шунингдек, амалга оширилаётган дастур доирасида ўқитувчилар дарсга қатнашмаслик ёки мактабда ўқитиш тилини яхши билмаслик туфайли ўзлаштиришда ортда қолаётган болаларни ўқитишнинг турли стратегияларини ўрганди. Барча болаларнинг таълим натижалари яхшиланиши кутилмоқда.