Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган хорижлик фуқаролар бўйича маълумот берди. Ҳалок бўлган хорижликларнинг аксарияти Таиланд фуқаролари (18 киши). Шунингдек, бу мамлакатнинг 11 фуқароси гаровга олингани, 15 нафари эса бедарак йўқолгани хабар қилинган.

11 нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлган, бу мамлакат фуқароларидан қанчаси ҳужум оқибатида бедарак йўқолгани номаълум. Непалдан 10 киши, Аргентина фуқароларидан 7 киши ҳалок бўлган.

Ғазо секторида электр энергияси ишлаб чиқариш учун ёнилғи тугаб қолгани сабабли ҳудуддаги ягона электр станцияси фаолиятини тўхтатди. Al Jazeera`нинг ёзишича, Ғазо секторидаги энг йирик шифохонада уч кун электр қувватини таъминлаб туришга етарли ёнилғи қолган. «Чегара билмас шифокорлар» ташкилотининг Ғазодаги расмийси берган маълумотларга кўра, Ғазода мазкур гуруҳ томонидан бошқарилаётган иккита касалхонада жарроҳлик асбоб-ускуналари, антибиотиклар, ёқилғи ва бошқа керакли буюмлар тугаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант 9 октябрь куни Ғазо секторини «тўлиқ блокада» қилиш ҳақида буйруқ берган, яъни ҳудудга сув ва электр энергияси, озиқ-овқат ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатилиши маълум қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроилнинг блокада ўрнатиш қарорини қоралаб, бундай чоралар тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келадиган «коллектив жазо» эканини таъкидлаган.

Исроилда Миллий бирдамлик ҳукумати тузилди. Уруш даврида фаолият юритадиган фавқулодда ҳукумат таркибига мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяху, собиқ мудофаа вазири Бени Ганц ва амалдаги мудофаа вазири Йоав Галант киради.

Стратегик ишлар вазири Рон Дермер ва Исроил мудофаа кучлари собиқ раҳбари Гади Айзенкотга фавқулодда ҳукуматда кузатувчи мақоми берилади.

Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида БМТ Фаластин қочқинлари ишлари бўйича агентлигининг 11 нафар ходими ҳалок бўлди. Шунингдек, халқаро Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятларининг беш нафар аъзоси ҳам ўлган.

Reuters`га кўра, ҳалок бўлганлар беш нафар ўқитувчи, бир нафар гинеколог, муҳандис, психолог ва уч нафар ёрдамчи ходимлар бўлган. «Баъзилари ўз уйларида оилалари билан бирга ўлдирилган», — дейилади хабарда.

Исроил энергетика вазири гаровга олинганлар уйларига қайтмагунича Ғазо секторига сув ҳам, электр энергияси ҳам берилмаслигини таъкидлади.

«Ғазога гуманитар ёрдам? Ўғирлаб кетилган исроилликлар уйларига қайтмагунича бирорта электр энергияси узаткичи ёқилмайди, бирорта сув гидранти очилмайди ва ёнилғи танкери [Ғазо секторига] ҳам кирмайди», — деб ёзди Исраэль Кац Х ижтимоий тармоғида (собиқ Twitter).

Сўнгги хабарларга кўра, шанба кунги ҳужумдан сўнг ҲАМАС томонидан гаровга олинган 150 нафарга яқин одамнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Улар орасида чет эл фуқаролари ҳам бор.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазо секторидаги вакили Ашраф ал-Кудра Ғазонинг соғлиқни сақлаш тизими «инқироз арафасида» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, реанимация бўлимларида янги беморлар учун жой йўқ ва ярадорлар сони ҳозирда мавжуд операция хоналарининг имкониятларидан ошиб бормоқда.

Қизил хоч халқаро қўмитаси Ғазодаги шифохоналар зўравонликлар кучайиши ва Исроил анклавни қамал қилиши ортидан электр қувватини йўқотгани учун «ўликхонага айланиш хавфи остида» эканини қайд этди.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 1350 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 6049 киши жароҳат олди. Исроилда эса ҲАМАС ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1200 кишига етди, 2500 нафарга яқин одам жароҳатланган.

Шунингдек, Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСнинг 1500 нафардан ортиқ вакилини йўқ қилгани ҳақида хабар берди.