Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 2023 йил учун Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига баҳосига ўзгартишлар киритиб, 2023 йилги прогнозини яхшилади. Янги прогноз фонднинг октябрь ойидаги жаҳон иқтисодиёти ривожланиш истиқболлари тўғрисидаги ҳисоботида келтирилган.

ХВЖ жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизга ўсишини кутмоқда. Апрель ойида фонд 5,3 фоизлик ўсишни прогноз қилган эди. 2024 йилги ЯИМ ўсиши бўйича прогноз 5,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолди.

2023 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон Қозоғистон (4,6 фоиз), Қирғизистон (3,4 фоиз) ва Туркманистондан (2,5 фоиз) олдинда, лекин Тожикистондан (6,5 фоиз) ортда қолмоқда.

Ўзбекистоннинг жорий тўлов баланси жорий йилда ХВФ прогнозларига кўра, 2022 йилдаги -0,8 фоизга нисбатан -4,3 фоизни ташкил этади. 2024 йилда бу кўрсаткич -4,6% гача кўтарилади.

ХВЖ, шунингдек, Ўзбекистонда инфляция 2022 йилдаги 11,4 фоиздан 2023 йилда 10,2 фоизга, 2024 йилда эса 10 фоизгача пасайишини башорат қилмоқда.

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси, ХВЖ кутганидек, жорий йилда 8,4 фоизгача (2022 йилда 8,9 фоиз), 2024 йилда эса 7,9 фоизгача пасаяди.

Жаҳон ЯИМ

ХВФ 2023 йил учун глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини 3 фоиз даражасида сақлаб қолди, лекин 2024 йил учун уни 3 фоиздан 2,9 фоизга туширди. Ҳисоботда қайд этилишича, бу «тарихий ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада паст».

«COVID-19 пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб киришидан глобал тикланиш жараёни секин ва нотекис давом этмоқда… Иқтисодий фаоллик пандемиядан олдинги даражадан орқада қолишда давом этмоқда, айниқса, бозор шаклланаётган ва ривожланаётган мамлакатларда, минтақалар ўртасидаги тафовут эса кучайиб бормоқда», — дейилади фонд ҳисоботида.

ХВЖ жаҳон иқтисодиётининг тикланишига тўсқинлик қилаётган сабаблар қаторида блокларда ўсиб бораётган геоиқтисодий парчаланиш ва марказий банклар сиёсатининг кескинлашуви оқибатлари борлигини қайд этди.

Аввалроқ ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева 2020−2023 йиллардаги турли зарбалардан жаҳон иқтисодиётининг умумий йўқотишлари 3,7 трлн долларни ташкил этганини маълум қилганди.