Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўтказган тезкор тадбирларда иккита ҳудудда ер майдонларининг ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи 43 ёшли шахс фуқарога кадастр тизимидаги танишлари орқали 8 сотих нотурар ер майдонини турар жой тоифасига ўзгартириб, унинг номига расмийлаштириб беришини айтган. Эвазига 28 минг доллар олган вақтида ушланган.

Олтинкўл туманида эса пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари бошқа бир фермер хўжалик балансида бўлган 50 сотих ер майдонини ўзига тегишли эканини айтиб, уни харидорга 117 500 долларга сотишга келишган. Олдиндан 20 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида яшовчи 64 ёшли шахс фуқарога давлат захирасида бўлган 25 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришини айтган. Бунинг учун 85 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.