Амиров Алишер Хуррамович Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

У 1977 йил Бойсун туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобиль-йўллари институтини, 2014 йилда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Тошкент вилояти бўлими шўъба мудири, «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компаниясида бошқарма бошлиғи, бошқарув раисининг ўринбосари, Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, Шеробод тумани ҳокими лавозимларида меҳнат қилган.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар 2021 йилдан буён Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Минтақавий йўлларга буюртмачи бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.