Ўзбекистон аҳолисининг инфляцион кутилмалари кўрсаткичнинг олти ойлик пасайишидан сўнг август ойида кескин ошди, дея хабар берди Марказий банк. Ўтган ой якунига кўра, аҳолининг нарх кутилмалари ўртача 14,2 фоизни (июль ойига нисбатан +1,2 фоиз), тадбиркорларники эса 14,4 фоизни (+1,1 фоиз) ташкил этди.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Тошкент инфляцион кутилмалар бўйича энг пессимистик минтақа бўлиб қолмоқда. Пойтахт аҳолиси инфляция 15,3 фоиз бўлишини, бизнес эса 15,5 фоиз даражасида шаклланишини кутмоқда. Сирдарё вилояти аҳолиси ва тадбиркорлари ҳам нархлар ўсиши юқори суръатда бўлишини тахмин қилмоқда — 15,7 фоиз ва 14,2 фоиз. Кутилмалар Тошкент вилоятида 14,7 фоиз ва 14,9 фоиз, Андижон вилоятида 14,7 фоиз ва 14,8 фоиз бўлиб, энг оптимистик прогнозлар Қашқадарёда бўлиб турибди: аҳоли ўртасида 13,2 фоиз, тадбиркорларда 12,1 фоиз.

Август ойидаги сўровномада бизнес хавотирларида валюта курсининг ўсиши омили кучайди — 11 фоиз пунктга, 71 фоизгача. Валюта курсининг ўзгариши аҳолини ҳам ташвишга солаётган асосий масала — буни респондентларнинг 70 фоизи қайд этган (+11 фоиз пункти). Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошидан бери долларнинг сўмга нисбатан расмий курси тарихий максимумларни қайд этмоқда, август ойи бошида эса курс бирданига 400 сўмга қадрсизланди.

Аҳоли, шунингдек, келгуси 12 ой ичида нархларнинг ошишига ёнилғи ва энергия нархларининг кўтарилиши (респондентларнинг 43 фоизи шундай фикрда, июлда 36 фоиз эди), иш ҳақи ва нафақалар ошиши (36 фоиз, июлда 32 фоиз эди) ҳам таъсир қилишини кутмоқда. Бозорда монополияларнинг мавжудлиги омили ҳам бироз кучайди — 33 фоиз (31 фоиз эди).

Бизнес ҳам инфляцияга ёнилғи ва энергия нархларининг ошиши таъсир қилади деб ҳисобламоқда — 38 фоиз (37 фоиз эди).

Респондентларнинг қарийб 30 фоизи йил охиригача инфляция расман прогноз қилинган даражада (9−12 фоиз) бўлишини кутмоқда, уларнинг улуши ўтган ойга нисбатан 3 фоиз пунктга ошган. Шу билан бирга инфляция 13−16 фоиз, 17−20 фоиз, 21−25 фоиз ва 31−50 фоиз доирасида бўлишини кутаётганлар улуши ҳам ортиши кузатилмоқда (14 фоиз).

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Инфляцион кутилмалар — аҳолининг келгуси ойлар ва йиллардаги нархларнинг ошиши ҳақидаги тахминлари. Бу тахминлар одамларнинг истеъмолчи сифатидаги хатти-ҳаракатларига таъсир қилади. Қимматроқ бўлиши мумкин бўлган нарсани тезда сотиб олишни хоҳлаб, одамлар харидларни кечиктиришни тўхтатади, кўпроқ пул сарфлайди, камроқ тежайди ва одатдагидан кўра тез-тез кредит олади. Натижада кутилаётган инфляция реал инфляцияга таъсир қилади. Талабнинг ошиши таъсирида нархлар тезроқ кўтарила бошлайди.

Агар одамлар инфляциянинг кескин ўсишини вақтинчалик деб билса, узоқ муддатли инфляция кутилмалари ошмаслиги мумкин — инфляция кутилмаларининг бундай шаклланиши Марказий банк сиёсатига бўлган ишончга асосланади: агар корхоналар ва уй хўжаликлари пул-кредит сиёсати инфляцияни мақсадли даражага қайтаради, деб ишонса, улар бўлажак нарх ошиши ҳақида камроқ ташвишланади.