Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-август ойларида газ қазиб олиш 31,39 млрд куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,4 фоизга ёки 3,26 млрд куб метрга камайган. «Газета.uz» Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботини ўрганиб чиқди.

Январь ойида 4,31 млрд куб метр газ (2022 йил январига нисбатан -7,5%), февралда — 3,85 млрд (-9%), мартда — 4,16 млрд (- 12,96%), апрелда — 3,94 млрд (-8,1%), май ойида — 3,6 млрд (-11,2%), июнда — 3,7 млрд (-8,9%), июлда — 3,9 млрд (-8,3%) газ қазиб олинди.

бензин, газ, кўмир, нефть, статистика агентлиги

Август ойида ишлаб чиқариш ҳажми 3,92 млрд куб метргача ўсди, бу ўтган ойга нисбатан бир оз кўпроқ, лекин 2022 йил август ойига (4,3 млрд куб метр) нисбатан 9 фоизга кам.

Саккиз ойда электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,7 фоизга ёки 2,78 млрд кВт·с га ошган — 48,9 млрд кВт·с дан 51,7 млрд кВт·с га етган. Август ойида 6,46 млрд кВт·с ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 7 фоизга кўпдир.

Январь ойидаги энергетика инқирозидан кейинги дастлабки ойларда ишлаб чиқариш ўтган йилги даражадан паст эди. Бироқ баҳордан кейин ишлаб чиқариш кескин ошди.

Қайд этиш жоизки ўтамиз, март, апрель, май, июнь, июль ва август ойлари учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дастлабки маълумотлар Статистика агентлиги томонидан ўсишга қараб қайта кўриб чиқилган. Дастлабки ва якуний ишлаб чиқариш маълумотлари ўртасидаги фарқ бир неча млрд кВт·с га ўзгаради. Энергетика вазирлиги аввалроқ Статистика агентлиги давлат-хусусий шериклик доирасида қурилган станциялар (шу жумладан, қуёш фотоэлектр станциялари) кўрсаткичларини ҳисобга олмаганини таъкидлаган эди. Агентликнинг тушунтиришича, бу станциялар кичик объектлар бўлиб, қонунга кўра, йирик корхоналар каби ҳар ойда эмас, балки йилига бир марта маълумотларни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85 фоиздан ортиғи газда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади.

бензин, газ, кўмир, нефть, статистика агентлиги

Январь-август ойларида кўмир қазиб олиш биринчи ярим йилликдаги кескин пасайишдан кейин ўтган йилги кўрсаткичлардан анча ошиб кетди. Ҳажми 3,77 млн тоннага (+10,4 фоиз) етди, шу жумладан август ойида — сўнгги йилларда рекорд даражадаги 673,7 минг тонна, бу 2022 йил август ойига нисбатан 40,2 фоизга кўп маҳсулот қазиб олинди.

Нефть қазиб олишнинг ўсиши секинлашишда давом этмоқда — саккиз ой ичида 520 минг тоннани ташкил этди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан +0,1%). Август ойида 64,3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 4,2 фоизга кам.

Январь-август ойларида 892,1 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ёки 123,3 минг тоннага кўпдир. Май ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли ишлаб чиқариш кескин пасайганидан сўнг, июнь ойида 2 баробардан ортиқ — 100,1 минг тонна, июлда — 133,2 минг тонна, августда — 108 минг тонна ёқилғи ишлаб чиқарилди.

Саккиз ойда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 8,3 фоизга, газ конденсати ишлаб чиқариш эса 6,8 фоизга камайди.

Бу даврда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 699,9 минг тоннани ташкил этди, бу — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 269,4 минг тонна ёки 1,6 баробар кўп. Шу билан бирга, август ойида 70,1 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилди, бу июль ойига нисбатан 20,3 минг тоннага кам.