Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2427 та ҳуқуқбузарлик қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу ҳолатларда 714 туп қимматбаҳо навли дарахт ноқонуний кесилган. Таъкидланишича, Қизил китобга киритилган ўсимликлар режасиз ва назоратсиз йиғиб олиниши сабабли табиий захиралар ва популяцияларнинг ўсиш майдонлари қисқармоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилояти «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида июль-сентябрь ойларида 11 550 туп табиий ҳолда ўсувчи тожик кавраги доривор ўсимлиги ноқонуний кесилиб, табиатга 5,7 млрд сўм зарар етказилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, ўрмон фонди ер участкаларини қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид равишда ижарага бериш ҳолатлари аниқланиб, 18 та жиноят, 46 та маъмурий ва 23 та интизомий ишлар қўзғатилди ҳамда ноқонуний эгалланган 1539 гектар ерлар ўрмон фонди ҳисобига қайтарилди.

Умуман назорат тадбирлари давомида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида мутасадди идораларга 107 та тақдимнома киритилди.

206 та ноқонуний ҳужжатга протест келтирилди, судларга 4 та даъво аризаси киритилди, 304 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 7 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 228 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг биринчи ярмида 2 мингдан ортиқ дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланган ва табиатга етказилган зарар 3,6 млрд сўмни ташкил этганди.