Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев, Россия Федерацияси Ҳукумати раҳбари ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон раиси Рустам Минниханов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги III минтақалараро ҳамкорлик форумида иштирок этди. Бу ҳақда Россия саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Жамшид Хўжаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Унда: «Бизда сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бунинг учун яратилаётган технопаркларнинг афзалликларидан, шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларидан, хусусан, яқинда ташкил этилган Ўзбекистон Саноатни ривожлантириш жамғармасидан янада фаолроқ фойдаланишга чақирамиз», — дейилади.

Денис Мантуров, ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путиннинг қутлов нутқини ўқиб эшиттирди. «Муҳим вазифа — қўшма ишнинг янги, истиқболли шакллари ва усулларини топиш, жумладан, йўл хариталарини минтақалараро алоқаларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар билан келишиш, уларнинг вақт доираларини аниқ белгилаш ва амалга ошириш», — дейилади Путин табригида.

Форумда турли соҳаларда 3 та ҳудудлараро ва 7 та тижорат шартномалари имзоланди.

Хусусан, Фарғона ва Жиззах вилоятлари ҳокимлиги ва Бошқирдистон ҳукумати ўртасида 2023−2025 йилларга мўлжалланган, шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Татаристон ҳукумати ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режалари имзоланди. Бу ҳужжатларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, тадбирлар ўтказиш, қатор маҳсулотларни экспорт қилишни ташкил этиш каби жиҳатлар ўрин олган.

Тижорий шартномалари орасида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва Россиянинг Wildberries маркетплейси ўртасида онлайн-савдо соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва маркетплейс ўртасида Тошкент вилоятида мультимодал логистика марказини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойида Wildberries Ўзбекистондан тайёр маҳсулотлар — тўқимачилик, чарм маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва электротехника ускуналарини бевосита Тошкентда сотиш бўйича логистика мажмуасини қуриш ниятида экани хабар қилинган эди. Лойиҳанинг қиймати 130 миллион долларга баҳоланган.

Ўтган форум якунларига кўра, Wildberries компаниясининг Тошкент вилоятида логистика хаби барпо этилишини маълум қилди. Режалаштирилган майдон 150 минг квадрат метрдан ортиқ. Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Wildberries учун 29,4 гектар ер майдони ажратилади. Онлайн платформа логистика иншооти қурилишига қарийб 140 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Мурожаатда ушбу хаб компаниянинг Россиядан ташқаридаги энг йирик логистика марказига айланиши ва Ўзбекистон резидентлари учун 7500 дан ортиқ иш ўрни яратиши мумкинлиги таъкидланган. Логистика марказининг очилиши 2025 йилга мўлжалланган.

Форум доирасида, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Россиянинг HMS Group бошқарув компанияси ўртасида сув таъминоти ва канализация соҳасида техник ва технологик тажриба алмашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Шунингдек, Тошкент метрополитени ва TMH International компанияси ўртасида Россиядан метро вагонларини етказиб бериш бўйича келишилди.

Бундан ташқари, форум доирасида ахборот технологиялари соҳасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш, мустақил экотизим яратиш, халқаро тажриба алмашиш, халқаро бозорлар билан қўшма интеграциялашувни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки дирекцияси» ва Россиянинг IT Park юқори технологиялар соҳасидаги технопарки ўртасида шартномлар имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Россиянинг Озон маркетплейси ўртасида электрон тижоратни ривожлантириш ва трансчегаравий савдо механизмларини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашлари ўртасидаги комплекс ҳаракатлар дастури имзоланди.

Ўзбекистон ва Россия минтақалари форуми учинчи бор ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Россиянинг 20 та ҳудудидан 3000 нафар иштирокчи қатнашмоқда.