Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда энг кўп сел-cув тошқинлари 2022 йилда кузатилди. Бу ҳақда 5 октябрь куни Гидрометеорология агентлиги бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Заҳидов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, охирги 10 йилда Ўзбекистонда 700 дан ортиқ сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилган бўлиб, шундан энг кўпи 2022 йилга (171 та) тўғри келади. Ушбу кўрсаткич архив маълумотларида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

«Республиканинг 12 фоиз майдони сел хавфи ҳудудида жойлашган. Тошқинлар йилдан-йилга иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилма объектларига, талафотлар экин майдонлари, аҳоли яшаш пунктлари, ишлаб чиқариш бинолари, йўллар ва ирригация тизимларига зарар етказмоқда. Энг ачинарли ҳолат — бундан инсонларнинг ҳалок бўлиши қайд этилмоқда. Ҳозирги кунда республикамизда сел ва сув тошқин хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда 4149 та хўжалик, 21 426 аҳоли бор. Аҳоли сони бўйича энг кўп Фарғона вилоятига тўғри келади», — деди у.

Қаҳрамон Заҳидовнинг айтишича, ҳозирги кунда фавқулодда вазиятлар ва уларнинг олдини олишга ҳаракат қилиш давлат тизими доирасида 300 дан зиёд кузатув пунктлари мавжуд. Ўзбекистон ҳудудида 29 та сел келиш ҳавзаси мавжуд бўлиб, улар, асосан, тоғли ҳудудлар — Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, 6−7 октябрь кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел-сув тошқини хавфи юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.