Жаҳонгир Давлатович Аминов Ўзбекистоннинг Исроилдаги янги элчиси бўлди. Бу ҳақда Х.com (аввалги Twitter)да Исроилнинг Тошкентдаги элчиси Зехавит Бен-Гилель хабар берди.

У Жаҳонгир Аминовга муваффақиятлар тилади ва Исроилдаги аввалги тажрибаси икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беришини таъкидлади.

Жаҳонгир Аминов 2019 йил октябрь ойидан буён Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармасининг Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва молиявий-техник кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди. Ундан аввал ТИВнинг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан буён Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси лавозимида ишлаб келган Феруза Маҳмудова ўз миссиясини якунлагани ҳақида хабар берилганди.