Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. «Газета.uz»да ҳужжат нусхаси мавжуд.

Ҳужжатга мувофиқ, электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи «Ўзэнергосотиш» АЖ ташкил этилади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини ташиш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистраль электр энергияси узатиш тизими оператори этиб белгиланади.

Шунингдек, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (энергетика бозори регулятори) ташкил этилади.

2024 йил 1 июлдан электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функцияси «Ўзэнергосотиш» АЖ томонидан ва магистраль электр тармоқларини эксплуатация қилиш функцияси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси томонидан тўлиқ амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари бўйича мажбуриятлари «Ўзэнергосотиш»га тўлиқ ўтказилади.

2025 йил 1 январгача «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари «Ўзэнергосотиш»га қайтадан расмийлаштирилади.

2024 йил 1 февралгача халқаро молия институтларининг техник кўмагида Электр энергияси тарифларини шакллантиришнинг янги услубиёти ишлаб чиқилади.

2024 йил 1 майгача «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг электр энергиясини магистраль электр тармоқлари орқали узатиш, «Ўзэнергосотиш» учун электр энергиясини сотиш ва харид қилиш тарифларини ҳамда электр энергияси учун келиб тушадиган маблағларни тақсимлашнинг янги тартиби тасдиқланади.

Кейинги босқичда электр энергияси онлайн савдо майдончаси орқали талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин нархларда сотилади.

«Ўзэнергосотиш» компанияси шартномалар асосида электр энергиясини экспорт-импорт операцияларини амалга оширади.

Айни пайтда, қуйидагилар «Миллий электр тармоқлари»нинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ягона электр энергетика тизимининг реал вақт режимида ишончли ишлашини ва барқарорлигини таъминлаш;
  • тасдиқланган тарифлар асосида магистраль электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатиш хизматларини кўрсатиш;
  • тасдиқланган дастурлар асосида магистраль тармоқларни ривожлантириш;
  • қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан барқарор интеграцияни таъминлаш ва параллель иш режимларини бошқариш.

2024 йил 1 мартга қадар электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо бозорлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, шунингдек, ушбу бозорлар иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш тартибини назарда тутувчи ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.

2025 йил 1 январга қадар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг электр энергияси экспорти ва импорти бўйича шартномаларини, шунингдек, хусусий электр станциялари билан тузилган электр энергиясини сотиб олиш шартномаларини «Ўзэнергосотиш» компанияси номига қайта рўйхатдан ўтказиш топширилди.

Шу билан бирга, «Миллий электр тармоқлари» шартнома ва келишувларда назарда тутилган тармоқ оператори функцияларини бажариш мажбуриятида қолади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июнь ойида табиий газни марказлашган ҳолда харид қилиш ва сотиш функциясини, шунингдек, ягона экспортчи сифатида UzGasTrade компанияси ташкил этилган эди.