Аннакличев Сахи Сапармухамедович «Қишлоққурилишбанк» негизида ташкил этилган Бизнесни ривожлантириш банки бошқаруви раиси этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Yuz.uz нашри.

Сахи Аннакличев 1975 йилда туғилган. Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Марказий банкнинг Қорақалпоғистон бош бошқармаси валюта-иқтисодиёт бўлими етакчи иқтисодчиси сифатида бошлаган. Кейинги йилларда Марказий банкда турли лавозимларда ишлаган, «Халқ банки» раҳбари ўринбосари, Вазирлар Маҳкамаси департаментларидан бирини бошқарган.

У 2020 йилдан то тайинловга қадар «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Қишлоққурилишбанк»нинг аввалги раиси Муратов Алишер Акмалович эса раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори билан «Қишлоқ қурилиш банк» Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилган. Унинг ҳузурида «Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган.

Президент ушбу банк арзон кредитлар ажратиши, соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиши, уларга лойиҳа қилиб бериши, фаолиятини молиялаштиришини айтганди.

«Энди Ўзбекистонда янги банк пайдо бўлади. У фақат шу йўналиш билан шуғулланади», — деган давлат раҳбари.