Божхоначилар катта миқдордаги контрабанда сигареталар партиясининг Ўзбекистонга олиб кирилишининг олдини олди. Сурхондарё вилоятидаги «Болдир» пости орқали Туркманистондан мамлакатга кириб келган поезд вагонларидан бири божхона кўригидан ўтказилганда ноқонуний юк аниқланди, деб хабар қилди вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Вагондан ҳужжатларда кўрсатилмаган, божхона назоратидан яширилган, акциз маркалари бўлмаган, умумий қиймати 15 млрд сўмлик 999 956 қути сигареталар аниқланган.

Ҳозирда божхона органлари ушбу ҳолатни ўрганмоқда.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрь ойида яна бир ҳолат — умумий қиймати 12,7 млрд сўмлик 851 минг қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари аниқланиб, олиб қўйилган.