1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда юридик шахслар учун электр энергиясига янги тарифлар жорий этилиши муносабати билан «электр заправкалар» тармоқлари томонидан ҳам нархлар оширилди.

Энг йирик TokBor қувватлантириш станциялари (мамлакат бўйича 125 дан ортиқ станцияга эга) тармоғи 1 кВт/соат учун қувватланиш нархини 700 сўмга ошираётганини маълум қилд. Хусусан:

  • Ўзгарувчан токли станциялар учун 1950 сўм/кВт/соат;
  • Доимий токли станциялар учун 2850 сўм/кВт/соат.

Қувватлантириш бошлаш ва охирида тўхтатиш учун минимал сумма ўзгаришсиз қолади.

Компания нархларнинг ўзгаришини юридик шахслар учун икки баравар оширилган электр энергиясининг янги тарифлари билан изоҳлади.

Электр ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғига кўра, тарифлар нархини ҳисоблашда асосий улушни электр қувватини қоплаш харажатлари, шунингдек, электр энергияси тарифлари билан боғлиқ бўлган станцияларни ўрнатиш майдончаларининг ижараси ташкил этади.

«Бундан ташқари, бизнинг тармоғимизни ишлатиш ва кенгайтириш билан боғлиқ жуда кўп харажатлар бор, яқин келажакда энергия ресурсларига нархнинг ошиши уларга ҳам таъсир қилади. Бизнинг энг камтарин ҳисоб-китобларимизга кўра, эндиликда электр қувватини янги нархларда қоплаш, хизматлар кўрсатишнинг ҳозирги сифати ва тармоқ ривожланиш суръатини сақлаб қолиш мақсадида билвосита харажатларнинг ошишини ҳисобга олмаган ҳолда нархни 700 сўмга оширишга мажбурмиз», — дейилади баёнотда.

Megawatt Energy ҳам нархларни ошириш режалари ҳақида «Газета.uz»га маълум қилди. Нархлар ошишидан олдинги тарифлар:

  • 7/22 кВт қувват — 1 кВт/соат учун 1333 сўм
  • 60/120 кВт — 1555 сўм;
  • 80/160 кВт — 1777 сўм;
  • 200 кВт — 1888 сўм;
  • 240 кВт — 1999 сўм.

Компания 3 октябрь куни янги тарифларни эълон қилишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, тадбиркорлар учун газ тарифлари оширилгани ортидан 1 октябрдан АГТКШларда бир кубометр газ нархи 2700−2800 сўмдан 3100−3250 сўмга (максимал нарх) кўтарилгани ҳақида хабар берилганди.