1 октябрдан Ўзбекистондаги айрим автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида бир кубометр газ нархи 3100−3250 сўмгача ошди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари хабар бермоқда. Маълумотни Фарғона водийсидаги газ тўлдириш шохобчаларидан бирининг асосчиси «Газета.uz»га тасдиқлади.

Нархлар тадбиркорлик субъектлари, бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар учун газ ва электр энергияси тарифларининг 1 октябрдан 660 сўмдан 1500 сўмга (2,3 баравар), газ тўлдириш шохобчалари учун 1000 сўмдан 1500 сўмга кўтарилиши (1,5 баравар) электр энергияси тарифи эса 450 сўмдан 900 сўмга (2 баравар) ошиши ортидан кўтарилди.

Тариф кўтарилгунга қадар газ тўлдириш шохобчаларида газ ўртача 2700−2800 сўмдан — 16 фоиз арзонроқ сотилган.

Интернет фойдаланувчилари ҳудудларда такси ва автобуслар нархлари ҳам ошгани ҳақида хабар бермоқда. «Газета.uz» Урганчда автобусларда йўл киралар икки бараварга — 1000 сўмдан 2000 сўмгача оширилганидан хабардор.

АГТКШларда нархлар кескин ошишига йўл қўймаслик учун ҳукумат томонидан 3250 сўм нарх чегараси белгиланди. Чекланган чакана нарх «асоссиз» ошган тақдирда, газ тўлдириш қуйиш шохобчалари газ ололмайди, дейилади ҳукумат ҳужжатида.

Газ қуйиш шохобчаларидан бирининг таъсисчиси «Газета.uz»га газ тўлдириш шохобчаси раҳбарлари прокуратурага чақиртирилиб, нархларни 3250 сўмдан оширишга йўл қўйилмаслик ҳақида огоҳлантирилганини маълум қилди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов аввалроқ газ тўлдириш шохобчалари тарифлар оширилгандан сўнг нархлар 3250 сўмгача чекланган тақдирда ҳам киритган сармояси қайтарилишини таъминлаши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Тадбиркорлардан бирининг «Газета.uz»га айтишича, тарифлар оширилгач, унинг фойдаси ҳар кубометр учун 440 сўмдан 110 сўмга тушади. Маржанинг пасайиши фонида кўплаб АГТКШлар ёпилиши мумкин, бу эса бензинга бўлган талабни оширади, деди у.