Қирғизистон ва Тожикистон миллий хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги баённомани имзолади. Ҳужжат мазмуни ошкор этилгани йўқ, деб ёзмоқда ASIA-Plus.

Баённома Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг 2 октябрь куни Баткен шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича имзоланди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган пресс-релизларда ҳам ҳужжат тафсилотлари келтирилмаган. Хабарларда фақатгина учрашувда «қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация қилиш масаласи бўйича батафсил фикр алмашилгани» ҳамда «чегара ҳудудлари ўртасида дўстлик, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлаш зарурлиги» қайд этилгани айтилади.

Учрашувдан сўнг ўтказилган брифингда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари «можаролар ҳар доим тарихдан паст бўлади, можаролар ҳар доим ҳар қандай танқиддан паст бўлади», дея таъкидлаган.

«Шунинг учун бугун Баткенда 44-сонли баённомани имзоладик. Ушбу баённома амалга оширилгач, авваллари тожик-қирғиз чегарасидаги можаролар учун асос бўлган ва замин яратган барча масала ва муаммоларни ҳал қилади», — деди Ятимов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ҳам баённома икки давлат ўртасидаги «барча чегаравий муаммоларни ҳал қилиш» учун асос бўлишини таъкидлади.

«Худо хоҳласа, яқин кунларда давлат чегарасини белгилашни якунлаш бўйича якуний қарорни қабул қиламиз… Қолаверса, делимитация ва демаркация комиссиямиз узлуксиз иш олиб боради ва тез орада якуний қарорларни қабул қилади, деган қарорга келдик. Бугун имзолаганимиз чегара тинч, барқарор бўлишига, халқларимиз абадий дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшашига асос бўлмоқда», — деди Ташиев.

24.kg нашрининг қайд этишича, делегациялар учрашувидан сўнг ҳукуматпараст блогерлар чегара бўйича «тарихий қарор» ҳамда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги бу масала бўйича келишмовчиликлар тугаши ҳақида ёзишни бошлаган. Журналистлар изоҳ учун президент матбуот хизмати ва мамлакат Вазирлар Маҳкамаси билан боғланган, бироқ жавоб ололмаган.

Kloop.kg хабарига кўра, қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 972 километрни ташкил этади, бугунги кунда шундан фақат 600 километрдан ортиғи делимитация ва демаркация қилинган. Нашрнинг таъкидлашича, чегаралар аниқланмагани учун чегара ҳудудларида вақти-вақти билан низолар келиб чиқади. Можаро охирги марта ўтган йилнинг сентябрида авж олган, натижада ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган эди.